Шимолий Корея Россияга тахминан 15 мингга яқин ишчи юборган. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб, The Wall Street Journal хабар берди.
Бу БМТ Хавфсизлик кенгашининг Пхеньяннинг ядровий ва баллистик дастурларини молиялаштиришни чеклаш мақсадида жорий қилган санкцияларини бузади. Ушбу санкциялар Шимолий Корея фуқароларининг хорижда меҳнат қилишини тақиқлайди.
Кўплаб шимолий кореялик муҳожирлар Россияга талаба визаси билан келган. 2024 йилда уларнинг сони аввалги йилга нисбатан 12 бараварга ошган. Шу йили КХДР фуқароларига 8 600 га яқин талаба визаси берилган. Бир йил олдин Россия Таълим вазирлиги мамлакат олий ўқув юртларида ушбу давлатнинг 130 нафар фуқароси ўқигани ҳақида хабар берганди.
Ҳозирда Шимолий Кореядан келган мигрантлар асосан Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасида ишламоқда. Бироқ яқин орада улар йирик шаҳарларга, жумладан Москвага жалб этилиши мумкин. КХДР ишчилари Украинадаги уруш туфайли Россияда ишчи кучи танқислигини қоплаш учун зарур бўлмоқда.
Ҳатто КХДРдан келаётган ишчиларнинг кескин кўпайиши ҳам бу танқисликни тўлиқ қоплай олмайди, бироқ ёрдам бериши мумкин. Россиялик иш берувчилар шимолий кореялик ишчиларни кам ҳақ эвазига ҳар куни 12 соатлаб шикоятсиз ишлашга тайёр бўлгани учун қадрлайди, дейилади хабарда.
БМТнинг 2019 йилда кучга кирган санкцияларидан олдин Пхеньян Россияга ўн минглаб ишчилар юборган. Улар асосан қурилиш ва ўрмончилик соҳасида ишлаган. Шимолий Кореядан қочганларнинг сўзларига кўра, у ерда ҳукумат ишчиларнинг маошининг тахминан 90 фоизини олиб қўйган. Уларга эса ойига атиги 100–200 доллар қолган.
Шунга қарамай, бу сумма аҳолиси бир неча доллар ишлаб топадиган мамлакатда катта ҳисобланади. 2019 йил охирида БМТ санкциялари кучга кирган пайтда Россияда 30 мингга яқин шимолий кореялик ишчи бўлган.
️Москвадаги қурилиш компанияси раҳбари Андрей Орлов Шимолий Корея воситачилари орқали ишчилар ёллаган ва яқинда яна уларни қабул қилиш бўйича келишувга эришган. У яқин орада 50, ёзга бориб эса 300 дан ортиқ ишчини кутмоқда. БМТ ҳисоботига кўра, Россияда шимолий кореяликлар 120 га яқин компанияда ишламоқда.