Тошкентда 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтгани, унда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига мамлакатимиз Бош вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этгани ҳақида аввал хабар бергандик.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларни А.Ариповнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Номзоднинг касб малакаси, билим ва тажрибаси, инсоний фазилатлари ҳақида гапирди.
Барчамиз яхши биламиз, ҳозирги пайтда бутун дунёда ахборот-коммуникация технологиялари даври, деди Шавкат Мирзиёев. Бу соҳа соат сайин шиддат билан ривожланмоқда. Ҳозирги кунимиз ва келажагимизни, бу соҳа ривожисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.
Бугунги кунда мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимига ўтиш борасида жуда катта ишлар бошланган ва уларни босқичма-босқич мантиқий давом эттириш муҳим вазифа сифатида кун тартибида доимий тарзда туради.
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси қанчалик ривож топгани сари, унинг афзаллиги ва қулайликларидан фойдаланиш билан бир қаторда, бутун мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланиб бормоқда.
Шу билан бир қаторда, кейинги икки ой давомида Бош вазирнинг электрон порталига тушган 270 мингдан ортиқ мурожаат, шунингдек, янги ташкил этилаётган “Халқ қабулхоналари”га бўладиган мурожаатларнинг ечими бўйича ҳам аниқ ва тезкор иш тизимини яратиш талаб этилади. Бу ишларга ҳукумат раҳбарининг шахсан ўзи бош-қош бўлиши зарур, деди Президентимиз.
Абдулла Ариповнинг бевосита хизмат ваколатига кирмайдиган қўшимча вазифаларни ҳам топшириб, бу инсонни кўп маротаба ҳар томонлама синовдан ўтказганман.
Бу кишининг юртимизда бормаган вилоят, шаҳар ёки тумани, кирмаган даласи, қурилиш, маданий-маиший, савдо объектлари қолмаган. Шунинг учун мамлакатимиз ҳудудларидаги шарт-шароитни, муаммо ва масалаларни жуда яхши билади. Энг асосийси, борган ва кўрган жойидаги масалани ўзи мустақил ҳал қилади, агар ўзи ечолмаса, аниқ таклиф беради.
Давлатимиз раҳбари А.Ариповнинг хушмуомалалиги, одамлар билан тил топиша олиш қобилияти, муаммо ва масалани эшитиш ва негизига етиб, унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилиш салоҳиятини алоҳида таъкидлади.
А.Арипов бугунги кунда олдимизда турган жуда катта масалаларни ҳал этишда, яъни мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашни янги босқичга кўтариш, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш бўйича дастурий вазифаларни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини самарали асосда ташкил этиш, Бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарлари билан бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлиб ишлаш салоҳиятига эга. У ўзига юклатилган ҳар қандай топшириққа, катта ёки кичик демасдан, бир хил масъулият билан ёндашади, сўзсиз бажариш ва мантиқий якунига етказиш чораларини кўради.
Яна бир олижаноб хислати – ҳалоллиги, одамларга доимо ҳурмат билан қараши, уларнинг дардига дармон бўлишга интилиши, Ватанимиз ва халқимизга садоқатидир, деди давлатимиз раҳбари.





