АсосийДунё

Фаластиннинг муваққат президенти аниқ бўлди

Фаластин мухторияти раҳбари бирор сабабга кўра ўз вазифасини бажара олмаса, унинг ваколатлари ва вазифалари кимга ўтказилиши маълум қилинди.

'Фаластиннинг муваққат президенти аниқ бўлди'ning rasmi

Фаластиннинг муваққат президенти тайинланди. Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос, агар бирор сабабга кўра ўз вазифасини бажара олмаса, унинг ваколатлари ва вазифалари Фаластин миллий кенгаши раҳбари Равҳи Фаттуҳга ўтишини айтди.

Исроилнинг Jerusalem Post газетаси ёзишича, Маҳмуд Aббос “агар бу лавозим бўшаб қолса” унинг ўрнига Равҳи Фаттуҳ тайинланишини эълон қилган. Фаттуҳ 90 кунлик ваколатга эга бўлади, бу муддат давомида сайлов ўтказилиши керак.

Маҳмуд Aббоснинг яқин иттифоқчиси бўлган Фаттуҳ ўнлаб йиллар давомида “Фатҳ”партиясининг парламент блокини бошқарган муҳим сиёсий маслакдош ҳисобланади. 

Маҳмуд Aббос қарорида таъкидлашича, агар сайловлар ўтказилмаса, Фаластин Марказий Кенгаши (ФМК) унинг ваколатларини яна 90 кунга узайтиришни танлаши мумкин, аммо ундан кўпга эмас.

ФКК Фаластин Озодлик Ташкилотининг сиёсий фаолиятини белгилаб берувчи идоралардан бири ҳисобланади. Ҳозирда Равҳи Фаттуҳ унга раислик қилади.

Фаттуҳ бундан аввалроқ, 2004 йилда Ёсир Aрофат вафотидан кейин бироз муддат муваққат президент лавозимида ишлаган: у 2004 йилнинг ноябридан сайловлар бўлиб ўтган январ ойигача бу лавозимда фаолият юритган эди.

2022 йилда Haaretz нашрининг таҳлилчиси Жек Ҳури, Aббоснинг эҳтимолий ворислари кўриб чиқилаётганда Равҳи “зерикарли ва сиёсий таъсири йўқ ёки ҳукмронлик қилиш қобилиятига эга бўлмаган” номзод сифатида кўрилганини айтган эди.

Маълумот учун, Равҳи Фаттуҳ 1949 йилда Ғазо секторидаги Рафаҳ қочқинлар лагерида туғилган. 1968 йилда Фатҳнинг қуролли қаноти - кейинчалик “Aл-Aқсо шаҳидлари бригадаси” деб номланган “Aл-Aсифа” гуруҳига қўшилган. Шундан сўнг у 1970 йилда ўрта мактабни тамомлаш Иорданияга қайтди, кейин эса ҳарбий тайёргарлик учун Ироққа юборилди.

Фаттуҳ 1979 йилда Дамашқ университетини инглиз тилида ўқиб чиқиб, бакалавр дипломини олган.

Таъкидлаш лозим, Маҳмуд Аббос ва маъмуриятининг Фаластинни бошқариш ва ҳимоя қилиш борасидаги ҳуқуқлари Исроил томонидан максимал даражада чекланган.

Масалан, 2024 йил 22 август куни Маҳмуд Аббос Ғазо секторига бориб, вазиятни ўрганмоқчи бўлганида, Исроил ҳукумати бунга рухсат бермаган эди.

Фаластин Ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликий “бу ҳолат Ғазо сектори ҳам Исроил томонидан тўлақонли истило қилинганини исботлайди” деган эди ўшанда. 

    Бошқа янгиликлар