Бугун соат 6 да Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи барча 14 сайлов округида сайлов участкалари очилди ва овоз бериш жараёни бошланди. Сайлов участкалари ўз эшикларини Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари остида очишди. Darakchi.uz нашри айрим сайлов участкаларига ташриф буюрди.
687-сайлов участкаси раиси Раъно Носирова:
“Бугун юртимизда байрам. Бутун Ўзбекистон Президентимизни сайлаяпмиз. Одамларнинг кайфияти жуда кўтаринки руҳда. Ҳар бир фуқаро умид билан ўз келажаги учун фуқаролик бурчини адо этмоқда. Участкамизга 2783 сайловчи бириктирилган, ундан 47 нафари илк бор овоз беради. Кўриб турганингиздек, сайлов участкамизда сайловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган, болалар, она ва бола хонаси ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Шунингдек кўчага чиқолмайдиганлар кексаларимиз, беморларимиз бор, уларнинг уйларига бориб овоз беришлари таъминланади.”








