17 август куни Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Афғонистонга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Қобул шаҳрида Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар, Бош вазирнинг маъмурий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Салом Ханафий, Бош вазирнинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Кабир ва Ташқи ишлар вазири Амир Хон Мутакий билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Учрашувларда Афғонистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, мис, темир, нефт-газ конларини биргаликда ўзлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, ҳудудлараро муносабатларларни янада чуқурлаштириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, ўзаро савдо айланмасини жорий йилда 1 миллиард долларга, яқин истиқболда эса 3 миллиард долларга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун ишга солинмаган ресурсларни ўзаро манфаатли асосда амалиётга изчил татбиқ этиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув сўнггида қатор ҳужжатлар имзоланди.






