Ўзбекистондан Қозоғистонга ялпи тўғридан-тўғри инвестициялар оқими ҳажми 2023 йилда рекорд даражадаги 22,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2005 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир, деб хабар бермоқда “Zakon.kz”.
Сайтда қайд этилишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, хомашё, енгил саноат тармоқларида умумий қиймати 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган ўнлаб ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилган.
2023 йилда Костанай вилоятида Chevrolet Onix автомобилларини ишлаб чиқариш, Олмаота вилоятида металл прокат ишлаб чиқариш заводини қуриш, Чимкентда стерил дори шакллари ва гигиена воситалари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилган.
Бу эса Қозоғистонда қулай ишбилармонлик муҳити, инвесторлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, сармояни рағбатлантириш, сиёсий барқарорлик, бой ресурс базаси ва инсон капитали каби омиллар билан изоҳланмоқда.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш 2023 йилда 4,4 миллиард долларни ташкил этган. Ўзбекистон ташқи савдосида Қозоғистоннинг умумий савдо айланмасида – 7,0%, экспорт – 5,6% ва импорт – 7,9%ни ташкил этган.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатлар яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш ва ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олишган.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, 2024 йил 25 апрелда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ратификация қилинган. Ҳужжат сиёсий, савдо-иқтисодий, транзит-транспорт, энергетика, маданий-гуманитар соҳаларда, фуқаро мудофааси ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бўлиб, халқаро майдонда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни назарда тутади.






