Тошкентда автобуслар ҳаракатини назорат қилувчи ходимларга махсус машиналар топширилди. Улар автобус ҳайдовчиларининг тартибли ишлашини ва машиналарнинг автобус йўлакларига чиқиб кетмаслигини назорат қилади ҳамда ҳаракатга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлайди.
Маълум қилинишича, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг 8 та автобус саройи филиалида «Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими» ташкил этилган. Мазкур бўлинма йўловчиларга кўрсатилётган жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш ҳамда автобус ҳайдовчиларининг белгиланган тартиб асосида фаолият юритишини назорат қилади.
Бугун ҳаракат хавфсизлигини назорат қилувчи ходимларга ўз хизмат фаолиятини тезкор ва хавфсиз олиб бориши, автобуслар ҳаракатини назорат қилиши ҳамда жамоат транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш чораларини кўриш учун махсус маёқчали хизмат автомашиналари, нур қайтарувчи нимча, фавқулодда ҳолатни англатувчи белги ҳамда жезл (таёқча) топширилди.
Таъкидлаш керакки, мазкур автомашинада хизмат кўрсатувчи ходимлар фақатгина автобуслар ҳаракатини назорат қилиши кўзда тутилган.






