Қўшма Штатларда ғайритабиий совуқ ва ёмон об-ҳаво туфайли 91 киши ҳалок бўлди
АҚШда ғайритабиий совуқ, қор ёғиши ва кучли шамоллар оқибатида камида 91 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди CBS News.
Маълум қилинишича, Теннесси штатида 25 киши, Орегонда эса 16 киши ҳалок бўлди, улардан учтаси дарахтнинг машина устига қулаши оқибатида жароҳат олди. Оғир об-ҳаво шароити туфайли ўлим ҳолатлари Иллинойс, Пенсилвания, Миссисипи, Вашингтон, Кентукки, Висконсин, Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида ҳам қайд этилган.
13—14 январ кунлари Канададан келаётган совуқ арктик ҳаво туфайли АҚШда ҳаво ҳарорати рекорд даражага тушиб кетди - меъёрдан 11-16 даража паст.
Чикагода ҳаво ҳарорати минус 34 даражага тушиб, бутун штатдаги мактабларни ёпишга мажбур қилди. Монтана штатида термометр минус 40 даражага тушиб кетди, Миллий об-ҳаво хизмати минтақада минус 56 даража совуқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
CBS News хабарига кўра, Орегон штатининг Ғарбий соҳилида 45 мингдан ортиқ абонентни электрсиз қолдирган муз бўрони туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Пенсилвания, Калифорния, Ню-Мексико ва Индиана штатларида ҳам электр энергияси билан боғлиқ муаммолар қайд этилган.
Телеканал маълумотларига кўра, 22—28 январ кунлари ҳафтанинг ўрталарида Америка штатларида ҳаво исиши кутилмоқда.






