Эквадорнинг Гуаякил порт шаҳрида 9 январь куни қуролланган шахслар тўғридан тўғри эфир вақтида TC Televisión давлат телеканалига бостириб кирди ҳамда бир неча журналист ва ходимларни гаровга олди. Жонли эфир тўхтатилмади, аммо суратга олиш майдончасидаги чироқлар ўчирилиб, бақириқлар, ўқ овозлари ва ходимлар калтакланаётгани эшитилган. Бу ҳақда "zamon.uz" ёзмоқда.
TC янгиликлари координатори ва мухбири Леонардо Флорес Моренонинг Reuters агентлигига айтишича, ҳужумчилар қабулхонага бостириб кириб, телеканал ходимларига ҳужум қилган ва «динамит қўйган». Икки киши жароҳатланган, шундан сўнг трансляция тўхтатилган. Кейинроқ полиция «тартиб ўрнатилгани»ни ва ҳужумчилардан 13 нафари қўлга олинганини маълум қилди.
Президент ички қуролли тўқнашув ҳақида маълум қилди
Телеканалдаги воқеадан кўп ўтмай ва Эквадорда бандитизм кучайгани муносабати билан мамлакат президенти Даниэл Нобоа барча жиноий гуруҳларни йўқ қилишга буйруқ берди. Сешанба куни кечқурун эълон қилинган фармонда у «ички қуролли можаро» режимини эълон қилиб, қуролли кучларга йигирмага яқин жиноий ташкилотларга қарши операция ўтказишни буюрди. Фармонда Эквадорда фаолият юритаётган жиноий тўдалар йўқ қилиниши лозим бўлган террорчи ташкилотлар ва уруш қатнашчилари деб аталади.
Эквадорда фавқулодда ҳолат эълон қилинди
Бир кун олдин, қамоқхоналарда зўравонлик авж олган бир пайтда, президент Нобоа мамлакатда 60 кунлик фавқулодда ҳолат ҳақида эълон қилди. Бу даврда мамлакатда соат 23:00 дан 5:00 гача комендантлик соати жорий этилади.
Шундан сўнг Эквадорда дарҳол бир нечта қуролли ҳужумлар содир бўлди, улар давомида камида тўрт нафар полициячи ўғирлаб кетилди. Мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Гуаякил мэри Акилеса Алвареснинг 9 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, кун давомида шаҳарнинг турли жойларида содир этилган ҳужумларда камида саккиз киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган.
Катта жиноий гуруҳ раҳбари, таниқли мафиоз қамоқхонадан қочди
Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинишига ҳибсхоналарда юзага келган тартибсизлик сабаб бўлди.
Фито лақабли АдолфоМасиясВилямар Los Choneros номли қудратли мафия гуруҳини бошқарган ва 12 йилдан бери қамоқхонада сақланган.
Вилямарнинг камераси Гуаякилдаги қамоқхонанинг бир қисмида жойлашган бўлиб, қаттиқ қўриқланиши керак бўлган.
Эквадор президенти Даниэл Нобоа шу ҳолат сабабли мамлакатда 60 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди. Фавқулодда ҳолат даврида жамоат йиғилишлари вақтинча тақиқланди, унда комендантлик соати амал қилади.
"Наркотеррор гуруҳлари БИЗни қўрқитмоқчи ва биз уларнинг талабига бўйсунамиз деб ўйлашмоқда. Аммо биз террорчилар билан музокаралар олиб бормаймиз ва мамлакатда тинчлик ўрнатмагунимизча тинчланмаймиз", — деди президент Нобоа.
35 ёшли Даниэл Нобоа ўтган йилнинг октябрида бўлиб ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонган. Сайлов кампанияси вақтида номзодлардан бири, собиқ журналист ва мафияга қарши курашчи ФернандоВилявисенсио ўлдирилган. Вилявесенсиога таҳдид қилган Los Choneros ва Фитонинг шахсан бу қотилликка алоқадорлиги гумон қилинмоқда.
Қўшни давлатлар Эквадор билан чегарага қўшин юбормоқда
Эквадорда рўй бераётган воқеалар муносабати билан қўшни давлат Перу ички ишлар вазири Виктор Торрес Фалкон мамлакатда бандитизм кучайиб бораётган бир пайтда хавфсизликни кучайтириш учун Эквадор билан чегарага полиция кучларини «зудлик билан» жўнатишни буюрди. Бу ҳақда мамлакат давлат ИИВ ижтимоий тармоқларда хабар берди. Перу ҳукумати зўравонликни қоралади ва президент Нобоани тўлиқ қўллаб-қувватлаб чиқди. Парагвай ҳукумати ҳам Эквадор билан бирдамлик билдирди.
Даниэл Нобоа аввалроқ фавқулодда вазиятдан қуролли кучларни «тўлиқ сиёсий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш» учун фойдаланиш ниятида эканини тушунтирган эди. У октябрь ойида давлат раҳбари этиб сайланди ҳамда сўнгги йилларда АҚШ ва Европага кокаин етказиб бериш бўйича асосий марказлардан бирига айланган мамлакатда наркотик жинояти ва зўравонликка қарши курашиш ниятида эканини маълум қилди.






