АсосийJamiyat

145 млрд сўмни ўзлаштирмоқчи бўлган "таможенний" бошлиғининг муовини ҳибсга олинди

'145 млрд сўмни ўзлаштирмоқчи бўлган "таможенний" бошлиғининг муовини ҳибсга олинди'ning rasmi

Куни кеча Божхона қўмитаси ходими С.Р. ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Қўмита раҳбарияти бу бўйича зудлик билан расмий баёнот бериб чиқибди.  

Маълум қилинишича, собиқ божхоначи С.Р. тадбиркорлик субъектлари билан жиноий тил бириктириб, 145 млрд сўм миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштирмоқчи бўлган. Бироқ Қўмитанинг тезкор тузилмалари сайи ҳаракатлари натижасида бунинг олди олинган.  

Таъкидланишича, Божхона қўмитаси Раисининг махсус топшириғига кўра, тизимда турли қонунбузилиши ҳолатлари, шу жумладан, коррупцион кўринишидаги жиноятларни содир қилишга уринаётган божхона ходимларини аниқлаш ва уларга нисбатан кескин чоралар кўриш бўйича муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Юқоридаги ноқонуний ҳолат ҳам айнан Қўмита раисининг топшириғига кўра, махсус тезкор тузилмалар томонидан аниқланган.

"Бунда суғурта ташкилоти вакили ва ўндан ортиқ импортёрлар билан жиноий тил бириктириб, 2018-2023 йиллар давомида ўзига тегишли бўлган суғурта ташкилотининг полисларидан таъминлов сифатида фойдаланиш орқали божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имкониятига эга бўлган.

Махсус гуруҳ томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, ушбу мураккаб жиноий схемага алоқадор бўлган шахслар аниқланиб, тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган ва умумий ҳисобда жами 143,8 млрд. сўм божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш ҳолати  бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур импортёрларга божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имкониятини суистеъмол қилишларига шароит яратиб берганлиги учун божхона ходими С.Р. божхона органларидан бўшатилган ва тўпланган ҳужжатлар тергов органига топширилган.

Ҳозирда, жиноят иши доирасида божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаб юрган корхона вакилларининг аксарияти қўлга олинган бўлиб, тергов жараёнлари давом этаётганлиги сабабли Божхона қўмитаси кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларидан ҳолатни тўғри ва холис ёритилишини сўрайди", - дейилади баёнотда.

    Бошқа янгиликлар