Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ЖҚБ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги “Сиёб деҳқон бозори" МЧЖ олдида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Департамент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда фуқаролар С.Қ., Р.А. ва У.И. ўзаро тил бириктириб, ҳеч қандай ҳужжатсиз 55 хил турдаги 3 472 қути тамаки маҳсулотини сотаётганликлари аниқланиб, ушбу маҳсулотларнинг “яма”сини аниқлаш мақсадида давом этган тадбирда “Ш.” савдо мажмуасининг омборхонасидан 34 хил турдаги яна 19 280 қути, тадбир якуни бўйича умумий баҳоси 323,3 млн сўмлик тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда тамаки маҳсулотлари савдоси билан ноқонуний шуғулланиб келган М.О.нинг Фарғона тумани “Б.” МФЙ ҳудудидаги хонадонидан 7 500 қути ва “Changan” русумли автотранспорт воситасидан 7 480 қути “Milano London” номли жами 14 980 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.
Худди шундай, “Марғилон умумий улгуржи савдо комплекси” олдида тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган М.О. харидор М.Х.га “Milano” номли тамаки маҳсулотини сотаётган вақтида ушланиб, унинг ёнидан 9 хил турдаги жами 3 171 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






