АсосийJamiyat

Тошкент шаҳри ва 5 та вилоятдаги газ "заправка"ларнинг айримлари ишлашни тўхтатди

'Тошкент шаҳри ва 5 та вилоятдаги газ "заправка"ларнинг айримлари ишлашни тўхтатди'ning rasmi

Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан бутун мамлакат бўйича табиий ва суюлтирилган газни етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тизимни барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида "Ҳудудгазтаъминот" АЖ мутахассислари 24 соатлик режимда иш олиб боришмоқда ва юзага келган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишмоқда.

Ҳозирги вақтда табиий газ истеъмолчиларига “зангори ёқилғи” тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчилик кузатилмаяпти. Бироқ айрим жойларда истеъмол ортгани сабабли газ босими пасайиши юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Олис ҳудудларга суюлтирилган газ тўлиқ ҳажмда ва маҳаллий ҳокимият томонидан тасдиқланган график асосида етказиляпти. Ҳудудларда авария ҳолатлари рўй берганда, мутахассислар жойига чиқиб уларни бартараф этишмоқда.

Айтиб ўтиш керакки, ҳаво ҳароратининг пасайиши билан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари томонидан табиий газга бўлган эҳтиёж ҳам ошмоқда. Хусусан, 1 декабрь куни ҳаво ҳарорати ўртача 10–15 даража иссиқни ташкил қилган бўлса, истеъмолчиларга жами 85,6 млн куб метр, шу жумладан, аҳолига 49,1 млн, иссиқлик манбаи корхоналарига 5 млн, АГТКШларга 12,8 млн ва улгуржига 18,5 млн куб метр табиий газ етказиб берилган. 12 декабрь куни ҳаво ҳарорати ўртача 10–22 даража совуқни ташкил этди, истеъмолчиларга жами етказиб берилган газ ҳажми 110,3 млн куб метрни ташкил қилди ёки 29 фоизга ошган, шу жумладан аҳолига 78,5 млн ёки қўшимча 29,4 млн – 60 фоизга кўп, иссиқлик манбаига 6,4 млн ёки 1,4 млн – 28 фоиз кўп, АГТКШларга 6,1 млн ёки 6,7 млн кам ва улгуржига 18,4 млн куб метр табиий газ етказиб берилди.

Муаммолар кузатилган жойларда газ таъминотини яхшилаш борасида соҳа мутахассислари томонидан барча керакли ишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, авария-тиклаш жараёнлари тезкорлик билан олиб борилмоқда.

Авария хизмати ходимлари ва аварияларни бартараф этиш учун зарур техника ва эҳтиёт қисмлар захираси шакллантирилиб, шай ҳолатга келтирилди ҳамда «Салл» марказлар фаолияти янада кучайтирилди.

Тунги сменалардаги 262 та бригадалар (818 нафар ходим) ва 567 та газ пайвандлаш аппаратлари шай ҳолатга келтирилди, 33,0 км газ қувурлари, 4,3 минг дона зулфин ва жўмраклар, 547 та манометр ҳамда 5,9 тонна карбид, 2,4 тонна электрод ва 2,1 тонна мойлаш материаллари захираси яратилди.

12 декабрь куни юзага келган авариялар:

Навоий вилояти «Шўртепа» МФЙдаги ўрта босимли газ қувурида газ сизиб чиқиши ҳолати аниқланди. “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан авария ҳолати бартараф этилди ва истеъмолчиларга газ таъминоти қайта тикланди.

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги “Янги ҳаёт” ГТСда ўрта босимли ер ости газ қувурида газ сизиб чиқиши ҳолати қайд этилди. “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали мутахассислари авария ҳолатини дарҳол бартараф этишди ҳамда истеъмолчилар учун газ таъминотини қайта тиклашди.

Сирдарё вилоятининг Ховос тумани Ховособод МФЙдаги юқори босимли газ қувурида пайванд чоки ёрилиши натижасида газ сизиб чиқиши кузатилди. “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиали мутахассислари томонидан авария ҳолати бартараф этилди.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 6-митти туман ҳудудидаги юқори босимли газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилди. “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали ходимлари таъмирлаш ишларини олиб боришди ва тез фурсатда истеъмолчилар учун газ таъминотини қайта тиклашди.

Андижон вилоятининг Улуғнор тумани Янгиобод МФЙдаги юқори босимли газ қувурида авария ҳолати кузатилди. Мазкур ҳолат “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали мутахассислари томонидан бартараф этилди.

Бухоро вилоятининг Вобкент туманида Қўқин, Гулистон, Арабхона, Шохнигор, Ширин, Чорбоғкент, Паноб ва Ҳажувон МФЙларини табиий газ билан таъминловчи ўрта босимли газ қувурида авария ҳолати кузатилди. “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали мутахассислари тез фурсатда муаммони бартараф этилди.

Шунингдек, Бухоро шаҳрининг Гулчорбоғ ва Қалқон МФЙларини табиий газ билан таъминловчи ўрта босимли газ қувурида носозлик кузатилгани сабаб, 700 истеъмолчига вақтинча газ таъминоти тўхтатилди. Ходимлар томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилди. Газ таъминоти қайта тикланди.

Аҳоли истеъмолчиларида узилишларни олдини олиш мақсадида бугун пойтахт, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги АГТКШларнинг фаолиятида қўшимча чекловлар киритилди. Ҳозирги вақтда белгиланган график бўйича 1179 тадан 547 АГТКШ иш фаолиятида.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ фуқаролардан газ жиҳозларидан фақат бирламчи заруриятлар учун фойдаланишни, уйдан чиқиб кетаётганда имкон қадар иситиш жиҳозларини ўчиришни сўрайди.

Фурсатдан фойдаланиб, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ табиий газни узлуксиз етказиб бериш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш зарурлигини эслатиб ўтади. Тўловларни туман газ таъминоти бўлимлари ва банк филиалларида, шунингдек, барча тўлов тизимларининг мобил иловалари орқали 24/7 режимида амалга ошириш мумкин.
 

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ тизими мутахассислари барча таклифлар, шикоятлар ва мурожаатларни 1104 телефон рақами орқали, газ сизиб чиқиши ҳолатлари, фавқулодда вазиятларни ва бошқа техник муаммоларни бартараф этиш бўйича аризаларни 104 рақами орқали қабул қиладилар", - дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар