АсосийJamiyat

"Орган ходимларининг фото ва видео тасвирларини интернетга жойлаштирганларга жазони кучайтириш очиқлик сиёсатига зид” (видео)

'"Орган ходимларининг фото ва видео тасвирларини интернетга жойлаштирганларга жазони кучайтириш очиқлик сиёсатига зид” (видео)'ning rasmi

Ички ишлар вазирлиги томонидан киритилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини обрўсизлантириш ёки хақорат қилиш мақсадида фото ва видео тасвирларни Интернет ахборот тармоғида жойлаштирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима ёки 15 сутка маъмурий  қамоқ билан жазоланишга оид норма жамоатчилик орасида кенг муҳокамага ва эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Жамоатчилик томонидан ушбу норманинг киритилиши бугунги очиқлик сиёсатига зид келиши ҳамда мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатга путур етказиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

“Юксалиш” ҳаракати мазкур эътирозларни қуйидаги сабабларга кўра  асосли деб ҳисоблайди.

Маълум қилинишича, қонунчиликдаги ҳар бир ўзгариш, айниқса, демократиянинг асосий белгилари бўлмиш инсон ҳуқуқлари ва давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигига оид сиёсатга жиддий таъсир кўрсатувчи янги қоидани киритиш маълум бир асосларга эга бўлиш керак.

"Яъни бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимларини интернет тармоғида асоссиз обрўсизлантириш ва ҳақоратлаш ҳолатлари жуда кўпайиб кетдими? Агар кўпайган бўлса аниқ рақамлар қанча? Сабаби нимада ва бу каби ҳолатлар тизимнинг соғлом ишлаши учун нечоғлик жиддий таъсир кўрсатмоқда? Албатта, бу саволларга жавоб берилиши лозим", дейилади.

Иккинчидан, ушбу нормани асослаш учун фуқаролик кодексининг 99-моддаси ва “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 4 ва 28-моддалари асос сифатида келтирилган.

Бироқ, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар учун, аллақачон, қонунчиликда таъсир чоралари белгиланган. Яъни, шахсни ҳақорат қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор, бундан ташқари,  Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 2022-моддасига кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш,

— базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш,

— базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шундай экан, ҳуқуқ тартибот органлари ходимларига қаратилган алоҳида норма нима учун керак? Бугун давлат бошқарувида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари марказий ўринга қўйилмоқда. Мазкур ғоя янгиланган Конституциянинг бош мезони сифатида “инсон-жамият-давлат” тамойили кўринишида акс этган. Бунинг тескари бўлиши мумкин эмас.

Учинчидан, мазкур нормани татбиқ этишда Буюкбритания, Венгрия, Германия, Франция ва Беларус каби мамлакатлар тажрибаси ўрганилган. Аммо, ушбу мамлакатларда бу каби нормалар айнан қандай ҳолатлар учун қўлланилиши, улардаги ижтимоий-сиёсий муаммоларнинг характерини чуқур таҳлил қилиш тақозо этилади.

Санаб ўтилган ва бошқа ривожланган демократик мамлакатларда ҳақиқатан бу каби чекловлар бор, аммо ушбу мамлакатларда ҳар бир фуқаронинг низоли ҳолатларда полиция ходимининг боди-камерасидаги ёзувларни олиш ҳуқуқи кафолатланган.

Тўртинчидан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги” тўғрисидаги Қонунга кўра,  ошкоралик ва шаффофлик ҳамда давлат идоралари фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги давлат органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилган.

Янги норма билан киритилаётган янги жавобгарликнинг белгиланиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хизмати билан боғлиқ фаолиятини тасвирга олиш мумкин эмас деган қоидани келтириб чиқармаслиги лозим.

Бешинчидан, аксинча, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ножўя ҳаракатлари акс этган тасвирлар Интернетда тарқалган ҳолларда, раҳбарлар ўз эътиборини тизимни такомиллаштириб боришга қаратиши керак. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятининг халқчиллиги ва профессионаллигини оширишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини обрўсизлантириш ёки хақорат қилиш мақсадида фото ва видео тасвирларни Интернет ахборот тармоғида жойлаштирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима ёки 15 сутка маъмурий  қамоқ билан жазоланишга оид норма 

 

 

    Бошқа янгиликлар