Бугун, 24 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар берди.
Унда иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозодага Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун Ғофуров Илмий кенгашнинг “Фахрий доктор” илмий унвонини топширди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов ушбу юксак эътироф Пошозоданинг қардош халқлар муносабатларини ривожлантириш, Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш ҳамда илмий-ижодий фаолиятларидаги самарали меҳнатларининг натижаси эканлигини таъкидлаган.
Шайхулислом ушбу унвон катта масъулият эканлиги, унга муносиб бўлиш учун куч-ғайрат ва салоҳиятини сарфлашини маълум қилди.






