АсосийJamiyat

Тошкент метроси йўналишларида қатнов интервали тиғиз вақтларда қисқартирилди

'Тошкент метроси йўналишларида қатнов интервали тиғиз вақтларда қисқартирилди'ning rasmi

Жорий йилнинг сентябрь ойидан таълим муассасаларида ўқув жараёнлари бошланганидан сўнг метрополитендан фойдаланувчи йўловчилар сони биринчи ўқув кунида қарийб 520 мингни ташкил этди. Бу эса ўтган август ойининг кунлик йўловчилар сонига нисбатан 180 минг (53%) йўловчига кўп деганидир. Бу ҳақда Тошкент метрополитени матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

Қайд этилишича, ушбу вазият метрополитенда ишловчилардан қўшимча масъулият ва жавобгарликни талаб қилади.

Шу сабабли, йўловчилар оқимини назоратга олиш, хизмат сифатини ошириш мақсадида, метрополитеннинг йўналишларида қатнов интервали тиғиз вақтларда қисқартирилди.

Жумладан:

Чилонзор йўналиши - 1.5-2 дақиқа;

Ўзбекистон йўналиши - 3-4 дақиқа;

Юнусобод йўналиши - 5 дақиқа;

Ер усти ҳалқа метро йўналиши - 7-8 дақиқа этиб белгиланди.

"Шунингдек, бу борада йўловчилар ҳам метрополитендан фойдаланиш қоидаларига амал қилишларини сўраймиз. Ҳаракатланиш вақтида йўловчиларга поезднинг бош ҳамда сўнги вагонлари билан бир қаторда ўрта вагонларидан ҳам тенг фойдаланишлари вагон ичидаги тирбандликларни камайишида асосий туртки бўлиб хизмат қилишини ҳам таъкидлаб ўтамиз.

Шу билан биргаликда вагон ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач поездан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади.

Буларнинг барчаси оралиқ интервалларининг режа асосида амалга оширилишини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, метродан доимий тарзда фойдаланувчи йўловчилар тўловни банк ва транспорт карталари орқали амалга оширишса, ўз вақтларини тежашлари ҳамда касса олдидаги тирбандликни максимал даражада камайтиришига замин яратади.

Юқоридаги қоидаларга амал қилиб, йўловчиларга хавфсиз ва маданиятли хизмат кўрсатишда ўз ҳиссангизни қўшасиз деган умиддамиз", - дейилади расмий мурожаатда. 

    Бошқа янгиликлар