Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенининг "Беруний" бекатида 15 дақиқа вақт поезд тўхтаб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди .
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент метрополитени қуйидагиларни маълум қилди:
"Бугун, 4 сентябрь куни тахминан соат 10:10 лар атрофида метрополитенни ташқи электр энергия билан таъминловчи корхоналарда электр тармоғида содир бўлган қисқа узилиш сабабли Чорсу бекатининг светафори ўчиб қолган ва бунинг натижасида, 41-сонли ҳаракат таркиби белгиланган йўриқномага асосан бекатга кириб келишда тўхтаб турган.
Электр энергияни қайта тиклаш юзасидан тезкор чора-тадбирлар натижасида, 1,5 дақиқадан сўнг ҳаракат таркиби ўз ҳаракатини давом эттирган" дейилади хабарда.
Ҳозирги вақтда йўналишда поездлар ҳаракати белгиланган жадвалга кўра амалга оширилмоқда.






