Охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш, уларни беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш ҳолатлари кўпайиб кетганлиги сабабли Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида тўғридан –тўғри жавобгарлик белгиланди. Бундай ҳолатларда фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача; мансабдор шахсларга эса – 7 дан 10 бараваригача жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу турдаги жавобгарлик белгиланиши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 3,3 баробарга оширилиб, уларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига чек қўйилди.
Жумладан:
а) 2022 йил 1 июндан бошлаб олий ва биринчи малака тоифаларга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ойлик лавозим маошларига 15 фоиз, иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун 10 фоиз, тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимларининг ойлик маошлари 15 фоизга оширилди;
б) ёшларимизнинг тиббиёт соҳасига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида олийгоҳни янги битирган салоҳиятли оилавий шифокорнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2,7 млн. сўмни, устамалар билан бирга 5,4 млн. сўмни, илмий даражаси мавжуд бўлганда 6,2 млн. сўмни, янги иш бошлаганлиги учун қўшимчаси билан эса 7,2 млн. сўмни ташкил этмоқда. Агар ушбу даражадаги шифокор олис ва чекка ҳудудларга бориб ишласа унинг маоши – 9,2 млн. сўмни ташкил этади.
Хулоса қилиб айтганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасига бўлган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларни олдини олишга эришилди.
Шу билан бирга, тиббиёт ҳодимларинг ойлик маошлари сезиларли даражага оширилгани ва уларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилгани шифокорлик касбининг мақоми ва нуфузини оширишга, ва шу жумладан фуқароларга ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам кўрсатишига хизмат қилади.






