АсосийJamiyat

Ўзбекистон Афғонистонга протеин ва витамин комплекслари етказиб беради

'Ўзбекистон Афғонистонга протеин ва витамин комплекслари етказиб беради'ning rasmi

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари масъулларидан иборат бир гуруҳ вакиллари Афғонистон давлатида бўлиб турибди.  Делегация таркибида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқармаси бошлиғи Шерзод Якубов ҳам бўлиб, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасида Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик масалаларида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, Афғонистоннинг “Фючер Велс Трайдинг“ компанияси директори Г.Фаҳим билан Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар томонидан йилига ўртача 1 млн. долларлик протеин ва витамин комплексларини етказиб бериш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, Афғонистон Аҳоли саломатлиги вазирлигининг фармацевтика хизматлари директори Ҳамид Фурмули билан мазкур мамлакатдаги “Ибн Сина” корхонаси негизида шартнома тузиш масалалари муҳокама қилинди.  

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, Афғонистонда давлат томонидан аҳолини фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш хусусий сектор томонидан амалга оширилади. Бу ишда “Ибн Сина” йирик дистрибютер корхонаси жонбозлик кўрсатиб келмоқда.  

Бундан ташқари, стоматология хизматлари кўрсатиш бўйича Кобул шаҳрида атиги битта корхона фаолият кўрсатиб келаётган бўлиб, учрашувлар давомида Афғонистон тиббиёт ходимларини “Ҳеалтҳ манагер” бўйича малакасини ошириш, қисқа муддатли курсларда ўқитиш масалалари келишилди.

Мазкур ҳолатлар эътиборга олиниб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори маҳсулотларини ушбу мамлакат бозорига етказиш борасида Афғонистон “Озиқ-овқат ва дори воситаларини сифатини назорат қилиш” миллий уюшмаси раиси, доктор А.Умар билан самарали музокаралар олиб борилди.  

Хусусан, давлат рўйхатидан ўтказишнинг ўзаро соддалаштирилган тизимини (25 кунгача) жорий қилиш бўйича келишув лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

    Бошқа янгиликлар