25 август куни Жиззах вилоятининг Зомин туманида барпо этилаётган “Зомин” туристик-рекреацион зонасида ҳудуддаги илк дор йўли лойиҳаси фойдаланишга топширилди.
“Зомин” ТРЗ ҳудудида замонавий дор йўли ва кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиш ишлари бошланди. Ер участкасининг майдони 2 гектардан иборат бўлиб, лойиҳанинг қурилиш-монтаж ишлари қиймати 133,3 млрд. сўмни ташкил этди.
2022 йил июн ойида Швейсариянинг машҳур компанияси “Бартолет АГ” билан дор йўли учун ускуналар етказиб бериш ва монтаж ишлари учун жами қиймати 6,72 млн. евро бўлган шартнома имзоланди.
Зомин тумани Дуоба қишлоғида барпо этилган “Дор йўли” мажмуасининг “Зомин” осма дор йўли 12 та минорали 11 дона устундан ташкил топган. Хусусан, 11-миноранинг баландлиги 35 метр бўлиб, 8- ва 9-устунлар орасидаги энг катта масофа 615 метрдан иборат. Дор йўлининг энг катта қиялиги 42 градусни ташкил этади. Дор йўлининг узунлиги 2102 метрдан иборат бўлиб, мижозларни ташиш учун замонавий дизайндаги 36 та кабина сайёҳлар хизматига шай. Максимал ҳаракатланиш тезлиги эса 6 метр секундгачани ташкил этади. Ҳаракатланиш чоғида кабиналар орасидаги масофа 141 метр бўлиб, соатига 1200 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконига эга.
Таъкидлаш керак, қуйи стансиянинг денгиз сатҳидан баландлиги 1961,1 метр, юқори стансияси эса 2490,6 метр. Стансиялар ўртасида баландликнинг фарқи эса 529,5 метр.
“Зомин” туристик-рекреацион зонада умумий қиймати 456 миллиард сўмлик тўртта лойиҳанинг иш жараёнлари давом этмоқда. Жумладан, кўп қаватли автотураргоҳ, замонавий ресторан, осма кўприклар, битта замонавий соғломлаштириш маркази лойиҳалари амалга оширилмоқда. Лойиҳалардан 133,3 млрд. сўмлик замонавий дор йўли (канат) бугун фойдаланишга топширилди.






