АсосийJamiyat

Ўзбекистон мактабларида “Биринчи қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар берилди

'Ўзбекистон мактабларида “Биринчи қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар берилди'ning rasmi

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2023/2024 ўқув йили бошланиши муносабати билан боғчаларда “Салом, боғча”, мактабларда “Биринчи қўнғироқ”, “Мустақиллик дарси” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.

Унга кўра, мактабларда 4 сентябрь куни соат 8:00 да “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилади.

Ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тадбирни 1 ва 11-синф ўқувчилари иштирокида ўтказиш, мактабдаги ўқувчилар сони ва тадбир ўтказиш жойи ҳисобга олиниб, қолган синф ўқувчиларини тадбирга жалб этиш лозим.

Тадбир мактаб ҳовлиси, боғи, соя-салқин очиқ майдонларда ўтказилиши, ўқувчилар хавфсизлиги таъминланиб, мактаб ҳудудига автотранспорт воситалари киритилмаслик чоралари кўрилиши керак.

Тадбир иштирокчилари, айниқса, 1-синф ўқувчиларини чарчатиб қўймаслик мақсадида тадбир давомийлиги 45 дақиқадан ортиқ бўлмаслиги тавсия этилади.

1-синф ўқувчиларига “Президент совғаси” маҳаллий ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, ота-оналар иштирокида топширилади.

“Биринчи қўнғироқ” чиройли, кўтаринки руҳда, байрамона ўтказилишида жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, ота-оналар, касаба уюшмаси, маҳалла ва ҳамкор ташкилот вакиллари жалб этилиши мумкин.

4—5 сентябрь кунлари мактабгача таълим ташкилотларида “Ўзбекистон — менинг Ватаним” мавзусида очиқ машғулотлар ташкил этилади.

“Мустақиллик дарси” меҳнат фахрийлари, фахрий ўқитувчилар, давлат мукофотига сазовор бўлганлар ва таниқли спортчилар иштирокида ташкил этиш тавсия этилади.

    Бошқа янгиликлар