Ўтган йилги таклифлар асосида бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлинди ва уларнинг ҳар бири билан алоҳида ёндашувлар асосида ишлаш тизими йўлга қўйилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Туман ва шаҳарлар ҳам 5 та тоифага ажратилди, 60 та туманга алоҳида солиқ, кредит ва молиявий ёрдам режимлари жорий қилинди.
Натижада бу туманлардаги тадбиркорлар ўтган олти ойда қарийб 1 триллион сўмлик имтиёзлардан фойдаланди.
Бунинг ҳисобига, 20 та тумандаги тадбиркорларнинг даромади ўтган йилга нисбатан 1,5-2 бараваргача ошди.
Қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилиб, ўтган бир йил ичида 6 мингта корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилди.
Айниқса, экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини интизомли экспортчи корхоналарга қайтариб бериш тартиби жорий қилингани натижасида, 2 мингдан зиёд тадбиркорлар ҳисоб-рақамига 7 триллион сўм келиб тушди.
Самарасиз солиқ механизмларини қўллаш оқибатида вужудга келган солиқ қарздорлигидан воз кечилгани ҳисобига, бизнес ихтиёрида 2 триллион сўм қолди.
Кредит беришда айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, аккредитивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизими яратилди. Бу имкониятдан фойдаланган тадбиркорларга 1 миллиард доллар кредитлар берилди.
Шунингдек, микро-молия ташкилотларини очиш тартиби осонлаштирилди. Бунинг натижасида мамлакатимизда банкларга муқобил кредитлар бозори пайдо бўлди.
Божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилди. Натижада ушбу божхона режимидан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробарга кўпайди.
Мисол учун, бир йил ичида ушбу имконият орқали 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Илгари янги тадбиркорлар учун “кириш қийин бўлган” 119 та фаолият бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки хабардор қилиш шаклига ўтказилди. Биргина республика ҳудудида юкларни автомобилда ташиш каби фаолият бўйича лицензияларни бекор қилиш ҳисобига юк ташиш ҳажми 1,5 бараварга ошди.






