Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг маълум қилишича, Музработ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “X.В.” хусусий фирмаси раҳбари О.Х. тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағлари эвазига сотиб олинган 2 дона “Sinotruk Howo” русумли цемент ташувчи транспорт воситасини гаровга қўймасдан бошқа шахсларга сотиб юбориб, жами 1,7 млрд сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Хатирчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда "A.B.", "F.","E.M.", "A.B.", "N.N.”, "A.G.", "E.G." MЧЖларнинг масъул шахслари “Самарқанд” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Ш.И. билан ўзаро тил бириктириб, тижорат банки филиалидан 17 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, фуқароларга маҳсулотларни етказиб бермасдан, жами 526,6 млн сўмни МЧЖларга ўтказиш орқали нақдлаштириб олганликлари аниқланган.
Департаментнинг Чироқчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, фуқаро Ш.Х. “Зарбдор”, “Олмазор” ва “Қаҳрамон” МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчилари билан ўзаро тил бириктириб, тижорат банки филиалидан 7 нафар фуқарога иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, фуқароларга иссиқхона қуриб бермасдан сохта далолатномалар тузиш орқали жами 243,9 млн сўмни ўғли Л.А.нинг номига ташкил этган таъминотчи “D.М.” МЧЖга ўтказиш орқали нақдлаштириб олганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
07.08.2023 15:30
Республиканинг 3 ҳудудида кредит маблағларини ноқонуний ўзлаштирган шахслар қўлга тушди






