Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилояти филиали очиқ танловларни ўтказиш бўйича мониторинг ўтказди. Масъулиятсизликка йўл қўйган масъулларга чора кўрилди. Бу ҳақда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, агентлликка Қўшработ тумани ҳокимлиги томонидан маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчилари лавозимларига ишга қабул қилиш жараёни белгиланган тартиб бўйича амалга оширилмаётгани ҳақида маълумот келиб тушган.
Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига асосан мониторинг ўтказилган.
Мониторинг давомида Қўшработ тумани ҳокимининг тегишли қарорлари билан “Шова”, “Навкат”, “Қувкалла”, “Чиммос”, “Минишкор”, “Янгиқишлоқ” маҳаллалари ҳоким ёрдамчиси лавозимлари очиқ танловга чиқарилган бўлишига қарамасдан, танлов ғолиби аниқлангунга қадар “вазифасини бажарувчи” этиб ходимлар тайинланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимлигига Тақдимнома киритилиб, номлари келтирилган маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Эълон қилинган очиқ танловларнинг белгиланган талаб даражасида ўтиши назоратга олинди. Ҳокимликнинг Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарига “Ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилди. Ҳозирда фаолияти ўрганилиб, ишда қолиш ёки қолмаслик масаласи кўриб чиқилмоқда.
Мониторинг Самарқанд вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасида ҳам ўтказилди. Натижага кўра, очиқ танлов давом этаётган лавозимлар бўйича танлов натижаларини кутмасдан, танлов ғолиби аниқлангунга қадар 5 нафар ходим “вазифасини бажарувчи” этиб тайинлангани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармасига Тақдимнома киритилиб, барчаси эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Эълон қилинган очиқ танловлар назоратга олинди. Бошқарманинг Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш шўъбаси бошлиғи йўл қўйган хато ва камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Жараён республика бўйлаб давом этмоқда, дейилади хабарда.
07.08.2023 14:16
⚡️Қўшработнинг баъзи раҳбарлари ишдан "учди", баъзиларига эса “Ҳайфсан” берилди






