Ижтимоий тармоқларда Наманганда боғча тарбияланувчилари овқатдан заҳарланганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Мактабгача таълим агентлигининг аниқланишича, жорий йилнинг 25 июль куни Наманган вилояти, Уйчи туманидаги “Гулшан” номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбияланувчилари уйқудан уйғонгач, 3 нафар тарбияланувчилар кўнгил айнаши ва қорин оғриғига шикоят қилган. 50 ўринли НМТТда бугунги кунда 48та тарбияланувчи қамраб олинган.
Ташкилотдаги бир гуруҳ 15 нафар тарбияланувчилари шу заҳоти ошқозон-ичак фаолияти функцияси бузилишида гумонланиб, туман шифохонасига олиб борилган ва дарҳол текширувдан ўтказилган. Натижада 2 нафар тарбияланувчиларда сифати тез бузилувчи маҳсулотни истеъмол қилиши оқибатида ошқозон-ичак фаолияти функцияси бузилиши кузатилган, туман тиббиёт бирлашмасининг болалар юқумли касалликлари бўлимига ётқизилган. Қолган 13 нафар тарбияланувчининг ҳолати яхши бўлганлиги учун ўша куннинг ўзида уйларига кетишларига шифокорлар томонидан рухсат берилган.
Шифохонада қолган 2 нафар тарбияланувчилар барча зарурий муолажалар кўрсатилиб бутунлай соғайганидан сўнг 26 - июль куни уйларига кетишга рухсат берилган.
Ҳозирда болаларнинг ҳаммаси ўзини соғлом ҳис қилиб, Уйчи туманидаги “Гулшан” номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия жараёнларида иштирок этишмоқда.
Наманган вилояти, Уйчи туманидаги мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари масъулларига таълим ташкилотларига сифати тез бузилувчи маҳсулотларни олиб кирмаслик, тарбияланувчиларга турли газли ичимликларни ичирмаслик, унли озиқ-овқат маҳсулотларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича огоҳлантирилиб, тушунтириш ишлари тўлиқ олиб борилган.






