Ижтимоий тармоқларда Намангандаги уй боғчасида 15 нафар бола тортдан заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат жорий йилнинг 25 июль куни Уйчи туманидаги “Гулшан” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган. 15 нафар тарбияланувчиси сифати тез бузилувчи маҳсулотни истеъмол қилиши оқибатида ошқозон-ичак фаолияти функцияси бузилиши, овқат токсикоинфекциясида гумонланиб, юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.
Ўрганиш натижасида муассаса тарбияланувчиларининг ота-оналари томонидан фарзандининг туғилган куни муносабати билан сифасиз торт ширинлиги олиб келинганлиги ва у тарбиячи томонидан ўзбошимчалик билан болаларга берилгани аниқланган.
Маълум қилинишича, ўша куннинг ўзида - икки соатдан сўнг 13 нафар боланинг ҳолати яхшиланганлиги сабабли шифохонадан рухсат берилган. 2 нафар болага эса бутунлай соғайганидан кейин, 26 июль куни жавоб берилган. Ҳозирда болаларнинг ҳаммаси ўзини соғлом ҳис қилиб, “Гулшан” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қайтарилган.






