Транспорт вазирлиги ҳамда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ вакилларидан иборат делегация19-26 июль кунлари Хитойда хизмат сафарида бўлди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сафар давомида "Yutong Bus Co., Ltd" "King Long", "Magnetic North", "Hikvision" компанияларига ташриф амалга оширилган ҳамда бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан музокаралар ўтказилган.
Хусусан, "Yutong Bus Co., Ltd" компанияси билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида уч томонлама меморандум имзоланди. Шу билан бирга, томонлар ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган автоном транспорт воситалари соҳасида ўзаро ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
Шунингдек, "Hikvision" компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган музокаралар якунига кўра, инновацион видеокузатув тизимлари ва сунъий интеллект технологиясига асосланган интеграциялашган хавфсизлик ечимларини тақдим этиш бўйича "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ билан икки томонлама меморандум имзоланди.
Бундан ташқари, "Magnetic North"компанияси билан ақлли транспорт тизимини йўлга қўйиш масалаларида ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди. Хусусан, компания билан Ўзбекистоннинг интеллектуал транспорти бўйича тўлиқ ечимларни тақдим этиш, жумладан, ишлаб чиқиш, лойиҳалаш, ўрнатиш, ишга тушириш, ўқитиш, техник хизмат кўрсатиш ва такомиллаштириш бўйича икки томонлама меморандум имзоланди.






