Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Фарғона ҳайвонот боғига ташриф буюриб, боғда яратилган шарт-шароитлар ва муаммоларни ўрганди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Ҳайвонот боғидаги жониворларнинг соғлом ўсиши учун барча шарт-шароитларни яратиб беришимиз керак, — деди А. Абдуҳакимов. — Бу ўз навбатида ноёб ва экзотик ҳайвонлар тури кўпайишига хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳайвонот боғига ташриф буюрувчи сайёҳларнинг ҳам сони ортади”.
Вазир ҳайвонот боғини кўздан кечираркан, янги ҳайвонларни олиб келиш учун майдон етарли эмаслигини таъкидлади. Шунингдек, йиртқич ва туёқли ҳайвонлар волерлари оралиғи жуда яқин эканлигини, бу эса туёқли ҳайвонларда қўрқув ҳиссини кучайтириши ва стрессга сабаб бўлишини айтиб ўтди.
Муаммоларни бартараф этиш учун ҳайвонлар бош сони кўпаяётганини инобатга олиб, йиртқич ва туёқли ҳайвонларга қўшимча каттароқ янги волерлар қуриш таклиф қилинди. Қолаверса, боғ ҳудудида ноёб ва экзотик ҳайвонлар турини кўпайтириш мақсадида ҳайвонот боғининг орқа қисмида жойлашган "Электртармоққурилиш" АЖга қарашли бўлган 1 гектар ер майдони ва боғнинг ўнг томонидан ўтувчи ташлама канални боғ ҳудудига қўшиш чораларини кўриш вазифаси топширилди.
Бундан ташқари, вазир Фарғона ҳайвонот боғида ҳайвонларга сифатли озуқа етказиб бериш мақсадида лаборатория хонаси ташкил қилиш кераклигини қайд этди.
Маълумот учун, “Фарғона ҳайвонот боғи” 2016 йилнинг 16 декабрида ташкил этилган. Умумий ер майдони 3,2 гектарга тенг бўлиб, 105 турдаги ҳайвонлар ва 274 дона қушни учратиш мумкин.






