АсосийDunyo

Аёлларга таълим ва ишлаш учун рухсат берсагина Афғонистон халқаро ҳамжамиятга қўшилади — БМТ

'Аёлларга таълим ва ишлаш учун рухсат берсагина Афғонистон халқаро ҳамжамиятга қўшилади — БМТ'ning rasmi

БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Маркус Потселнинг айтишича, агар аёлларнинг таълим олиши ва уларнинг халқаро ноҳукумат ташкилотлари, миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ва БМТ ташкилотлари учун ишлаши масаласи ҳал этилса, Афғонистон халқаро ҳамжамиятга қўшилиши мумкин.

БМТда сўзлаган Потсел ўз нутқида аёллар жамиятда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлаб, Толибонни халқаро мажбуриятларини бажаришга, жумладан, ўз аҳолиси учун таълим олиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлашга чақирди. БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари Толибондан аёлларга қўйилган чекловларни имкон қадар тезроқ олиб ташлашни сўради. “Акс ҳолда Афғонистоннинг халқаро ҳамжамият билан муносабатларига доим соя бўлади”, - дейди у.

Потсел шундай деди: “Ўйлайманки, Афғонистондаги амалдаги ҳокимият қизларнинг олтинчи синфдан кейин мактабга боришига рухсат бериши керак. Улар қизларни университетга киришига рухсат беришлари керак. Улар аёлларга халқаро, миллий ва БМТ ташкилотларида ишлаш, жамоат ҳаётида қатнашиш имконини бериши керак. Агар шундай бўладиган бўлса, Афғонистон яна халқаро ҳамжамиятга қўшилиши ва халқаро донорлар ҳам Афғонистон билан ҳамкорликни яна бир бор ўйлаб кўришини ва эҳтимол, кучайтиришини тасаввур қила оламан”.

Сиёсатшуносларга кўра, Афғонистон халқаро ҳамжамиятнинг қонуний талабларига қўшилиш орқали ўзининг сиёсий яккаланишидан қутулиши мумкин.

Толибон аввалроқ Афғонистондаги аёллар муаммоси мамлакатнинг ички муаммоси экани, бунга бошқа муассаса ва давлатлар аралашмаслиги кераклигини таъкидлаган эди.

    Бошқа янгиликлар