Аввалроқ, Фарғонадаги 4 қаватли бинонинг ертўласида жойлашган караоке кафесида содир бўлган ёнғин оқибатида 6 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирда ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов хабар берди.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида содир бўлган фожиа бўйича Вазирлар Маҳкамаси Фармойиши эълон қилинди.
Фармойишга кўра, бош вазир ўринбосари Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси ташкил этилди.
Маълум қилинишича, тузилган ҳукумат комиссияси бир ҳафта давомида вафот этганларнинг оила аъзоларига ҳамда жабрланганларга тиббий, моддий, психологик жиҳатдан ёрдам кўрсатади.
Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги комиссияга:
- бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларнинг оила аъзоларига ҳамда жабрланганларга тиббий, моддий, психологик ва бошқа ёрдамлар кўрсатилишини таъминласин;
- ёнғин содир бўлган бинонинг ертўласида ишлатилаётган техника курилмалари белгиланган талабларга мувофиқлигини;
- бахтсиз ҳодиса юз беришининг техник ва ташкилий сабабларини;
- электр ускуналари ва жиҳозларининг монтаж ишлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилган ҳолда сифатли бажарилганлигини;
- жабрланувчиларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни, улар томонидан қурилмалардан хавфсиз фойдаланиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар
талабларига амал килинганлигини;
- бахтсиз ҳодиса сабабларини тавсифловчи ашёвий далилларни;
- бахтсиз ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳолати бўйича барча ўзгаришларни ҳар томонлама ўрганиб чиқиш вазифалари юклатилган.
Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Раматов зиммасига юкланган.
Текшириш якунлари ва жабрланганларга кўрсатилган ёрдамлар юзасидан ҳисобот Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда бахтсиз ҳодиса сабабларининг чуқур таҳлили ҳамда Комиссиянинг таклифлари асосида келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланади ва унинг бажарилиши таъминланади.






