Кеча, 27 июль куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида ҳукумат танқидчиси, “Ko’zgu” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Cудда Darakchi.uz мухбири ҳам иштирок этди.
Суд жараёни аввалида судя томонлардан суд таркибига эътирози бор ёки йўқлигини сўради.
Шундан сўнг жабрланувчилар ва гувоҳлар тингланди. Суд давомида жами 6 та иш бўйича 8 нафар жабрланувчи ва 5 нафар гувоҳ сўзга чиқди.
Абдуқодир Мўминов айрим гувоҳларни танимаслигини айтиб, жабрланувчилардан шартнома асосида пул олганини қисман тан олди.
Жабрланувчилар орасидан биринчи бўлиб минбарга чиққан жиззахлик фуқаро ғишт заводи билан боғлиқ материал учун 3800 АҚШ доллари талаб қилиб олганини билдирди. Унга жавобан А.Мўминов "3800 эмас, 600 АҚШ доллари олганман, Қуръон бўлса, ушлаб гапирсин" деди. Жабрланувчи иддаосича, материал YoTube'да эълон қилинган, бироқ 10 кундан кейин ўчирилган. "Пулимни олиб, нега материални ўчирди", дейди жабрланувчи.
Маълумот ўрнида, ўтган суд мажлисида жабрланувчи эканини айтган Зомин давлат қўриқхонаси директори ўринбосари A.T. блогер қўриқхона фаолиятига оид танқидий видеони интернетда чиқармаслик учун 45 минг доллар сўраганини айтган эди. Абдуқодир Мўминов, бу айбловни ҳам рад этган.
Суд мажлисида Жиноят кодексининг 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисмида кўрсатилган жиноят иши юзасидан солиқ ходими ҳам чақиртирилди. Унда Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижалари ҳам очиқланди. Унга кўра, блогер йирик миқдордаги пулларни тушум қилмагани, корхонанинг айланмадан олинадиган солиқдан 2021 йил бўйича 2 миллиондан ортиқ пул маблағлари қўшиб ҳисоблангани ҳамда назорат касса аппаратининг хотирасига кирим қилмаганини таъкидлади. Қўмита ходими блогер томонидан фуқаролардан олинган пул маблағларининг ҳам аниқ суммасини келтириб ўтди.
Суд давомида, прокурор, адвокат ва айбланувчи сўзлари тингланди. Шундан сўнг суд 1 августгача танаффус эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 25 июль куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида товламачилик, фирибгарликда айбланаётган журналист ва блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича суд иши бошланган эди. Унда
Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг:
•141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари;
•165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди;
•168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди;
•189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми;
•28, 211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.






