Ўқув фаолиятини яхшилаш, синфдаги бузилишларнинг олдини олиш ва болаларни кибербуллингдан ҳимоя қилиш учун мактабларда болаларнинг мобил телефонлардан фойдаланишини тақиқлаш керак, деб ёзади The Guardian ЮНEСКО ҳисоботига таяниб.
Ҳисоботга кўра, смартфонлардан кўп фойдаланиш ёмон ўқув натижалари билан боғлиқлиги ва экранда кўп вақт ўтказиш “ўз-ўзини назорат қилиш ва эмоционал барқарорликка салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, ташвиш ва депрессияни кучайтириши” ҳақида далиллар мавжуд.
Ҳисоботда таъкидланишича, умуман рақамли технологиялар, жумладан, сунъий интеллект таълимда “инсонга йўналтирилган ёндашув”га бўйсуниши ва талабалар ва ўқитувчилар ўртасидаги юзма-юз мулоқот ўрнини босмаслиги керак.
ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле: “Онлайн мулоқот инсонлар ўртасидаги мулоқот ўрнини боса олмайди”, деди.
ЮНEСКО ўқувчиларнинг мактабда ва уйда рақамли технологиялардан, хусусан, смартфон, планшет ва компьютерлардан ҳаддан ташқари ва номутаносиб фойдаланиши уларни ишдан чалғитиши ва таълим сифатига “зарарли таъсир”га олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, ташкилот замонавий технологиялар ушбу салбий омилларга қарамай, миллионлаб одамларга таълим олиш имкониятини тақдим этишини тан олди. Хусусан, ЮНEСКО маълумотларига кўра, пандемия даврида онлайн таълим мактаблар ва университетларнинг чеклов чоралари остида ишлашда давом этишига ёрдам берди.
ЮНEСКО 200 та давлатдаги таълим тизимлари таҳлилини ўтказди. Ташкилот баҳосига кўра, ҳар олти мамлакатдан фақат биттаси мактабда телефондан фойдаланишни тақиқлаган.






