Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та (жами 1000 МВт) шамол электр стансияси қурилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида кеча, 25 июль куни “Энвисион” компаниясининг (Хитой) биринчи 6,5 МВт қувватли турбинаси ўрнатилди. Турбина минорасининг баландлиги 100 метр, шамол парракларининг ҳар бири эса 84 метрни ташкил қилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу йирик лойиҳа доирасида жами 158 та мана шундай шамол турбиналари ўрнатилади.
Мазкур электр стансияларининг илк қувватлари 2024 йилда ишга туширилади.
Стансиялар тўлиқ ишга туширилгач, йилига 3 млрд 600 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 1 млрд 100 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 1 млн 500 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.
Лойиҳа доирасида узунлиги 260 км бўлган 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 2 та 500 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмалари қурилади. Мазкур электр узатиш тармоқлари энергетика тизимининг шимоли-ғарбий (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) ҳамда жануби-ғарбий (Бухоро ва Навоий вилоятлари) қисмларининг боғланишини мустаҳкамлайди.






