Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси собиқ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.
Аниқланишича, вилоят прокуратураси томонидан фуқаро М.М. ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Хусусан, терговда фуқаро М.М. ва бошқалар томонидан вилоят ИИБ депозит ҳисобидаги жами 5,6 млрд. сўмлик пул маблағи ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Тергов натижасига кўра, вилоят ИИБ Молия таъминот хизмати бошлиғи ўринбосари М.М., бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот бўлими собиқ бошлиғи Д.А., ИИБ МТХ собиқ ходими Ш.М., МИБ Андижон шаҳар бўлими собиқ ижрочиси Ш.А. га нисбатан ЖК нинг 167-моддаси 3-қисми “а” “г” бандлари ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилинган, айбланувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Айбланувчиларнинг айби жиноят иши бўйича тўпланган далиллар йиғиндиси билан ўз тасдиғини топган ва жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилиб, хозирда суд муҳокамаси ўтказилмоқда.






