Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинова маълум қилди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан 2023 йилнинг 1 ярим йиллигида фитосанитар назорат йўналишида экин майдонлари, мевали боғ-токзорлар ва иссиқхонларда – жами 3 миллион 600 минг гектардан ортиқ майдонда фитосанитар дала назорати амалга оширилди.
Агентлик директори раҳбарлигида ишчи гуруҳ ҳудудларда ўрганишлар олиб бориб, ҳудудий давлат инспекторлари иштирокида кўргазмали семинарларни ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Бунда ғалла-пахта, мева-сабзавот, иссиқхоналар ва аҳоли томорқалари йўналишлари бўйича алоҳида телеграмм канал орқали тавсиялар бериш тизими йўлга қўйилди.
2023 йил пахта ҳосили учун ғўза майдонларида зарарли организмларга қарши курашиш бўйича республика миқёсида “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари мутахассисларидан иборат 24/7 иш режими асосида ишчи гуруҳлар ҳудудларда иш олиб борди.
Италия компанияси билан ҳамкорликда Европа стандартларига мос феромон тутчиқлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Агрокластер ва фермер хўжаликлари билан “даладан-экспортгача” занжири тизими асосида 65 мингга яқин Амалиёт келишувлари тузилиб, соҳа бўйича амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари 2,5 баробарга, ишлов қамрови 46 фоизга ортди.
2023 йил ҳосил учун 10 миллиардга яқин энтомофаглар кўпайтирилди. Бундан ташқари, 485 та биолабораторияда фойдали нематодаларни кўпайтириш йўлга қўйилди.
Минерал ўғитлар сифатини лаборатория таҳлилларидан ўтказиш тизими жорий этилиб, 9 та ҳолатда стандарт талабларига жавоб бермайдиган минерал ўғитларни қўллашнинг олди олинди.
Помидор ва қалампир маҳсулотларининг янги “Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги” республика ҳудудларида тарқалишига қарши чоралар кўрилиб, экспортга кўйилган чекловлар бартараф қилинишига эришилди.
Фитосанитар талабларга жавоб бермаганлиги сабабли 14 та давлатга 143 та эътирозномалар (нотификация) юборилди. 9 000 дона зарарланган импорт маҳсулотлар экспортёр давлатларга қайтарилди, салкам 1 тонна ва 249 931 дона маҳсулот йўқ қилинди.
2023 йилда эса, 519 минг гектар майдонда зарарли чигиртка ўчоқларига қарши кимёвий ишлов башорат қилиниб, 493 минг гектар майдонда кимёвий ишлов ишлари ўтказилди
Тут парвонаси зараркунандасига қарши кураш тадбирларини ўтказиш учун 2023 йилда республика бюджетидан 11 млрд. сўм маблағ ажратилди.
Мева-сабзавот экспорти географиясини кенгайтириш мақсадида 24 та давлатдан 598 та фитосанитар рухсатлар олинди, шунингдек, 56 та давлатга барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фитосанитария сертификати асосида юклаш имконияти яратилди.
Илк бор Тошкент шаҳрида Европа ва ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси ташкилотининг (EPPO) Фитосанитария тартиб қоидалари бўйича 61-йиғилиши ташкил этилди.
Соҳани рақамлаштириш йўналишида:
Барча рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларда QR-kod тизими жорий этилди.
Сертификация ҳужжатларини расмийлаштириш электрон тизимига ўтказилди ҳамда Марказий банкнинг “Munis” тўлов тизими йўлга қўйилди. Инспекторлар фитосанитария дала назорати жараёнидаги аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича қўл планшетлари орқали “E-maʼmuriy ish” ягона ахборот тизимида онлайн ҳужжатларни расмийлаштириш имкони яратилди.
Мутахассисларни малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш мақсадида Буюк Британия, Корея, Хитой, Туркия, Италия, Латвия, Литва, Хорватия, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Эстония ва Грузия давлатларининг экспертлари жалб қилинди. Агрокимёвий таҳлил марказининг фаолиятини рақамлаштириш ишлари жорий қилинмоқда.
18.07.2023 18:13
6 ойда фитосанитар талабларига жавоб бермагани учун салкам 1 тонна ва 249 931 дона маҳсулот йўқ қилинди






