"Ўзгидромет"нинг маълум қилишича, Республикамиз ҳудудига Эроннинг тропик ҳавоси кириб келиши натижасида ушбу ҳафта давомида Ўзбекистон бўйича жуда иссиқ об-ҳаво кузатилди.
11 июлда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 12-13 июл кунлари қолган ҳудудларда ҳаво ҳарорати 40-42° гача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларнинг баъзи жойларида 43-45° гача, Қизилқум чўлининг ғарбида жойлашган баъзи жойларда 46° гача кўтарилди.
Кучли иссиқ давр узоқ давом этмади. 13 июль кунидан бошлаб республикамизнинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келишни бошлади ва ушбу ҳудуд бўйича ҳарорат 5-7°0 га пасайди.
Бугун Кавказдан кириб келаётган ҳаво республика ҳудуди бўйича ҳаракатини давом эттиради ва барча жойларда иссиқ заифлаша бошлайди. Бугун кундузи ҳаво ҳарорати 35-39° ни ташкил этади, энг чекка жанубда 41-44° гача бўлади. Дам олиш кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат 33-38° атрофида бўлади, фақат баъзи жойларда 39-40° га етади.
14-16 июль кунлари республиканинг барча ҳудудлари бўйича асосан қуруқ ва кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.
Пойтахтда 14-16 июль кунлари асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, 14 июл кечга томон ва 15 июлда 12-15 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Бугун кундуз куни ҳарорат 37-39° дам олиш кунлари 35-38° бўлади.






