АсосийJamiyat

"Халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириб, Янги Ўзбекистон учун овоз берди". Президент ўтган сайлов ҳақида гапирди

'"Халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириб, Янги Ўзбекистон учун овоз берди". Президент ўтган сайлов ҳақида гапирди'ning rasmi

Шавкат Мирзиёев Президент сайлови янгиланган Конституциямиз асосида ўтказилгани унга чинакам халқчил руҳ ва мазмун бағишлаганини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда. 

"Ушбу сайловда халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириб, Янги Ўзбекистон учун овоз берди, деб айтишга барча асосларимиз бор.  

Мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ва масъулиятли бу сиёсий жараён эл-юртимиз билан биргаликда танлаган ва амалга ошираётган миллий тараққиёт йўлимиз нақадар тўғри эканини яна бир марта тасдиқлади.

Сайловда 15 та халқаро ташкилотдан 466 нафар, 47 та хорижий   давлатдан 331 нафар вакил халқаро кузатувчи сифатида қатнашди. Шу билан  бирга, 1400 нафар маҳаллий ва хорижий журналистлар сайлов жараёнларини атрофлича ёритиб борди.

 Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг узоқ муддатли миссиялари бутун сайлов жараёнларини бевосита кузатиб борди.

Шунингдек, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги  Парламентлараро ассамблеяси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилотидан ҳам кузатувчилар иштирок этди. Буларнинг барчаси ушбу сайлов жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотганини кўрсатади.

Маҳаллий ва хорижий кузатувчилар сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида, эркин ва демократик, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида, очиқлик ва шаффофлик руҳида ўтганини эътироф этдилар.

Бу, ўз навбатида, барчамизни бирлаштириб, ўз куч ва имкониятимизга бўлган ишончимиз, халқимиз, Ватанимиз олдидаги масъулиятимизни янада ошириши табиий, албатта", – деди Президент.

 

"Олижаноб ва бағрикенг халқимиз менга яна бир бор катта ишонч билдириб, буюк Ватанимиз тақдири учун бутун масъулиятни ўз  зиммамга  олиш  имконини берганини шу ҳаяжонли лаҳзаларда янада чуқур англаб, қалбим чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларига тўлмоқда.

Шу билан бирга, бугун елкамга қандай улуғвор масъулият олаётганимни, Ватанимиз мустақиллиги, 36 миллиондан зиёд азиз халқимнинг тинчлиги ва фаровонлиги учун шахсан жавобгар эканимни юрак-юрагимдан ҳис этиб турибман.

Мана шундай юксак ишонч учун, ҳурмат ва эътибор учун кўпмиллатли, мард ва донишманд халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан таъзим қиламан", –  дея қўшимча қилди Президентимиз.

 

    Бошқа янгиликлар