Темурийлар тарихи давлат музейида “Темурийлар даври дурдоналари” кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Экспозиция “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” маданий мерос ҳафталиги доирасида очилди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.
Кўргазмадан олдинги илмий давра суҳбати доирасида шарқшунос олимлар, музейлар ходимларидан иборат маърузачилар Амир Темур ва авлодларининг жаҳон тарихидаги ўрни, мероси, Ўзбекистон олимлари ва туркий дунё таниқли арбобларининг жаҳон сивилизацияси, илм-фан ва маданият ривожига қўшган ҳиссасини муҳокама қилдилар.
Иштирокчилар “Ўзбекистон маданий мероси — янги Ренессанс асоси” ҳафталиги ва “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталигининг муҳимлиги ҳамда айни вақтида амалга оширилганлигини қайд этдилар. Янги Ўзбекистонда маданий мерос масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, ушбу лойиҳани ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Давра суҳбати якунида Темурийлар тарихи давлат музейига Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти номидан “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумининг 50 жилдлик китоб-албомларини олиш учун сертификат топширилди.
Кўргазма ва давра суҳбати иштирокчилари, таниқли шарқшунос олимлар ушбу тадбир ҳамда унинг жаҳон илм-фани учун аҳамияти тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар.
“Ўзбекистон маданияти тез ва муваффақиятли ривожланиб бораётганидан жуда хурсандман. Менимча, бу Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусияти. Бу ернинг маданий мероси нафақат ушбу мамлакат халқи, балки бутун дунё халқлари учун ҳам катта аҳамиятга эга, зеро Ўзбекистон Осиёнинг қоқ марказида, Евроосиё қитъасининг айнан ўртасида жойлашган. Ўзбекистон маданий меросида сақланиб қолган хазиналар бутун дунёга тегишли хазиналардир”, — деди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви аъзоси, Япониянинг Миҳо музейи махсус илмий ходими Сергей Лаптев.
Ўзбекистон олимлари ва уларнинг жаҳон сивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида гапирар экан, Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” Ислом мероси жамғармаси ижрочи директори Сали Шаҳсиварий Ўзбекистон жаҳон сивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган кўплаб олимлар яшаб ижод қилган замин эканлигини таъкидлади.
Euronews — Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигининг ахборот ҳамкори.






