Бугун Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаев фарғоналик сайловчилар билан учрашди.
Учрашувда вилоят фаоллари, ёшлар ва партиянинг вилоят кенгаши аъзолари, депутатлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Дастлаб учрашувни номзоднинг Фарғона бўйича ишончли вакили Равшанбек Бегматов кириш сўзи билан очиб, А.Хамзаевнинг таржимаи ҳолини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг сўз ўз сайловолди дастури билан сайловчиларни таништириш учун Президентликка номзод Абдушукур Хамзаевга берилди. Номзод ўз нутқида сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифа ва мақсадларга атрофлича тўхталиб ўтди.
Номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатнинг ривожланиши ва эртанги куни билан боғлиқ бўлган муҳим ташаббуслар илгари сурилган. Дастурда биринчи навбатда экологик ҳолатни яхшилаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш ҳамда ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун янги имкониятлардан фойдаланиш йўлида устувор вазифалар белгилаб қўйилган.
Шунингдек, Президентликка номзод Абдушукур Хамзаев мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган экологик муаммоларни изчиллик билан ҳал этиш ва яшил иқтисодиётга ўтиш орқали барқарор ривожланишга эришиш каби муҳим аҳамиятга эга йўналишлардан иборат таклиф ҳамда ғоялари хусусида сўз юритди.
Таъкидланганидек, Экологик партия яшил тараққиёт ҳамда яшил иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш тарафдори. Партия келажакда яшил иқтисодиёт тараққий топган, қайта тикланувчи энергия ҳамда ресурс тежамкор технологиялар жорий этилган замонавий рақобатбардош иқтисодиётни барпо этишни асосий мақсад қилган.
Номзод дастурда аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда экологик хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бу борада жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга йўналтирилган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклиф этилаётганига тўхталиб ўтди.
Фарғона вилоятининг айрим туманларида долзарб бўлган атмосфера ҳавосининг бузилиши, йирик заводлардан чиқаётган заҳарли газлар муаммоси ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, бу каби масалаларни ҳал қилиш борасида сайловолди дастурида қатор таклифлар белгилангани айтиб ўтилди.
Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакили батафсил жавоб беришди. Сўзга чиққанлар эса вилоятнинг экологик муаммолари ва уларнинг номзод дастури билан узвий боғлиқлиги ҳақида фикр билдириб ўтишди.






