Туркиянинг Хатай вилояти аҳолисига Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, Туркиядаги меҳнат муҳожирларининг маблағлари ҳисобидан сотиб олинган ва жиҳозланган 57 та контейнер уйлар топширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Маълум қилинишича, тадбир давомида ўзбекистонлик дипломатлар 2023 йилнинг 6 февраль куни содир бўлган зилзиладан жабр кўрган турк халқига яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдирган. Ўзбек халқи фожиа содир бўлган биринчи кунданоқ турк биродарларига ёрдам кўрсатгани, бу контейнерларнинг Қурбон байрами арафасида топширилиши уй-жой масаласини ҳал этишнинг энг яхши ечими эканлиги таъкидланган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хатай вилоятини тиклаш, жумладан, яқин дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг яна бир ёрқин тимсолига айланадиган янги уй-жойлар ва бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш борасидаги ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилган.
Антакя тумани мери Иззеттин Йилмаз турк халқи Ўзбекистон томонидан фожианинг биринчи соатлариданоқ кўратилган ёрдамни ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлади. Ўзбекистонлик қутқарувчилар, ҳарбий шифокорлар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, энг оғир шароитларда меҳнат қилиб, жасорат ва профессионаллик кўрсатиб, жароҳатланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатгани алоҳида таъкидланди.






