АсосийJamiyat

Бизнес-омбудсман – тадбиркорларнинг ҳимоячиси

'Бизнес-омбудсман – тадбиркорларнинг ҳимоячиси'ning rasmi

Сўнгги йилларда тадбиркорларга муносабат тубдан ўзгаргани, давлат тадбиркорларнинг муаммолари, мурожаат ва таклифларини тинглайдиган, уларга ечим топадиган самарали тизим яратилгани, ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилгани амалда кутилган самараларни бермоқда.

Бунинг натижасида юртимизда ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи тобора кенгайди. Ҳозир тадбиркорлар илгариги даврлардаги каби қўрқув ҳисси билан яшамаяпти, балки янги ғоя ва ташаббусларини дадил амалга оширмоқда.

Сўнгги беш йил ичида тадбиркорнинг сони қарийб 2 баробарга кўпайди – 2018 йил 229,7 мингтадан 2023 йил 523 600 тагача.

Бу ўз навбатида, юз минглаб ишчи ўринларини яратишга ҳамда иқтисодиётимизни оёққа турғизишга – ялпи ички маҳсулот ҳажми 52 миллиард доллардан 80 миллиард долларга етишига, аҳолимиз харид қобилияти ва ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 2 баробар ошишига (360 доллар) асос бўлди.

Шуни ҳам эътироф этиш керакки, мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Ҳозирги кунда ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшлар меҳнат қилаётгани бизнеснинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганидан далолат беради.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.05.2017 йил 5-майдаги ПФ-5037-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти таъсис этилди. 2017 йил 29 августда эса, мазкур институт ҳуқуқий мақомини белгиловчи Қонун қабул қилинди.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фақатгина 2022 йил давомида тадбиркорларнинг 9 850 та мурожаатини кўриб чиқиб, шундан 48 фоизи бўйича тадбиркорларнинг ҳуқуқи тикланди.

Ўтган даврда бизнес омбудсман томонидан тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик ижроси бўйича 8 та назорат органида ўрганиш ўтказилган. Ўрганишда 8 771 та қонунбузилиши ҳолати аниқланиб, 10 та хулоса, 8 та тақдимнома, 1 та жиноят ҳақида таклиф киритилган, шунингдек, 1 028 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва 33 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувларини мувофиқлаштириш борасида “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишга туширилиб, 2022 йил 1 ноябрдан барча текширувлар ахборот тизимида рўйхатга олиниши мажбурийлиги белгиланди.

Текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги юзасидан амалга оширилган мониторинг доирасида 18 та назорат органи томонидан 747 та ноқонуний текширув ўтказилгани, 20 та назорат органи томонидан 15 280 та ҳолатда текшириш ўтказиш тартиби бузилганлиги аниқланди.

– аниқланган, қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 666 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 31 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Бизнес омбудсман томонидан 2022 йил давомида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2 591 та таъсир чораси қўлланилган, шундан 51,3 млрд. сўмлик 182 та даъво аризаси (шикоят), 131 та тақдимнома, 82 та огоҳнома, 70 та хулоса ва 2 126 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Натижада 32,8 миллиард сўмлик даъво аризаси тадбиркорлар фойдасига қаноатлантирилиб, уларнинг жами 436 гектар ер майдонига бўлган мулк ҳуқуқи тикланди, 198 та қарор (ҳужжат) бекор қилинди, 123 нафар масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 4,5 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз ҳисобланган қарздорлик бекор қилинди.

Тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш борасида 2022 йил давомида 439 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича жами 493 та таклиф ва эътирозлар юборилган.

Бизнес-омбудсман девони томонидан 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан, 2 та Қонун, 3 та Президент Фармони, 2 та Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди.

2022 йилдан бошлаб тадбиркорларнинг мурожаатларини 24 соат назорат қилиш имкониятини берувчи “Тадбиркор виртуал офиси” ишга туширилгани ҳам муҳим воқеа бўлди.

Тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиш мақсадида 2022 йилда Бизнес омбудсман томонидан 439 та норматив–ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича жами 493 та таклиф ва эътирозлар юборилган.

Шубҳасиз юртимизда тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қўватлаш, айниқса, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш тизими яратилиши халқимиз фаровон ҳаётининг кафолатидир. Бу борада нафақат тегишли давлат органлари, суд ва ҳуқуқни ҳимоя этувчи органлар, балки Бизнес омбудсманнинг ўрни ва аҳамияти ҳам беқиёсдир.

 

             ю.ф.д.,профессор Исмаилов Б.И.

    Бошқа янгиликлар