АсосийJamiyat

Жиззахда автойўл ёритилмагани сабаб автоҳалокатда 15 ёшли йигит вафот этди

'Жиззахда автойўл ёритилмагани сабаб автоҳалокатда 15 ёшли йигит вафот этди'ning rasmi

Жорий йилнинг 22 июнь куни соат 21:15 атрофида  “Тошкент-Термиз” йўлининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида 15 ёшли ўсмир ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган. Ҳодисага йигит йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтгани ва ушбу йўл кечки пайт ёритилмагани сабаб бўлган. Бу ҳақда “Davr” информацион дастурида маълум қилинди.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, йўл ёритилмагани сабаб одам ўлими билан боғлиқ бу биринчи ҳолат эмас, бундан олдин ҳам 4−5 нафар одам вафот этган.

“М-39 йўлидаги ёритиш мосламалари Ободонлаштириш бўлимининг балансида, улар хизмат кўрсатади. Техник камчиликлари бор, шунинг учун ўчиб турибди, менимча. Трансформатрлари уланган, фақат уларни ёқиш керак”, - дейди туман электр таъминоти корхонаси бошлиғи Ойбек Султонов.

Ғаллаорол тумани Ободонлаштириш бўлими раҳбари Ғулом Оқмирзаев эса чироқлар ўтган йили аномал совуқ туфайли энергияни тежаш мақсадида ўчирилгани, ўшандан буён ёқилмаганини, ҳокимият рухсат берсагина ёқилишини айтган.

Бироқ туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Саҳоб Эрманов унинг сўзларини рад этди.

“Ҳокимиятдан электр энергиясини тежаш мақсадида ўчирилсин деган буйруқ берилмаган. Ҳозир ишчи гуруҳ тузиб, масалани кўриб чиқиб, бугун бартараф этамиз”, дейди у.

 

    Бошқа янгиликлар