Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига Россия ИИВ Омск Академиясидан МДҲ давлатлари ички ишлар тизимидаги таълим муассасалари курсантларининг “Жиноят қидирув бўлинмалари фаолияти” бўйича энг яхши илмий-тадқиқот ишларини танлаш учун ўтказиладиган халқаро танловда иштирок этиш бўйича таклиф тушди.
Танлов икки босқичдан иборат бўлиб, биринчисида реферат тайёрланиши ва шу йил 1 февраль кунига қадар юборилиши даркор эди. Россия ИИВ Омск Академиясида ташкил этилган махсус комиссия юборилган ишларни қуйидаги талабларга кўра баҳолаши белгиланган эди: 1. илмий изланишдаги мавзунинг долзарблиги; 2. илмий янгилик; 3. тезкор фаолиятда учраб турадиган муаммоларнинг алоҳида ечими. Иштирокчи 100 баллдан юқори баҳоланса, финалга йўлланма олиши белгиланган. Финал эса жорий йилнинг 19 апрель куни ўтказилиши маълум қилинган.
Мазкур танловда иштирок этиш учун илмий раҳбар сифатида 232-ўқув гуруҳи курсанти Самир Мухторовни лойиқ номзод деб топдим. Биз “Жиноят қидирув бўлинмалари томонидан жиноятларнинг айрим турларини очиш” номинациясини танладик, реферат учун долзарб мавзулардан бири – “Катта шаҳарда фуқароларнинг квартираларида содир этилган ўғриликларни очиш хусусиятлари” ни танлашга қарор қилдик.
Рефератни ёзишдан олдин биз керакли эмпирик материалларни тўпладик (охирги беш йилдаги статистика маълумотлари, тезкор бўлинмалар амалиёт ходимлари билан анкета сўровномаларини ишлаб чиқдик, фуқаролар квартираларида содир этилган ўғриликларни очиш бўйича халқаро тажрибани ўргандик, шунингдек, турли техник қурилмалар ёрдамида очиладиган қулфларнинг янги турлари ҳақида маълумотлар йиғдик).
Тўпланган материалларни ўрганиш асносида реферат ёзишга киришдик. Вақт жуда кам эди, бироқ муддатига улгуришга муваффақ бўлдик, 1 февраль куни Омск Академияси манзилига рефератимиз ва қўшимча материалларни жўнатдик. Кутиш жараёни жуда ҳаяжонли кечди, Академия бошлиғи, полковник Рустам Абдуғаниевич Хатамов бизга биринчи ўрин олишимиз кераклиги ҳақида вазифа қўйди.
15 март куни бизнинг ишимиз финалга йўлланма олгани ҳақида хабар олдик, унда курсантимиз 5-7 дақиқага мўлжалланган вақт ичида маъруза билан чиқиши ҳамда саволларга жавоб бериши даркорлиги ҳақида маълум қилинди. Маъруза тайёр бўлгач, курсантнинг чиқиши устида ишладик, жюри аъзолари томонидан берилиши мумкин бўлган саволларга тайёргарлик кўрилди.
19 апрель куни танловнинг финал қисмида онлайн тарзда иштирок этдик. Айтиш жоизки, тадбирда кўп рақобатчилар иштирок этишди, улар турли мамлакатлар вакиллари эди. Мисол учун, Россия, Беларус, Қозоғистон ва МДҲнинг бошқа давлатлари.
Шуни таъкидлаш керакки, маърузали чиқиши ва саволларга жавоб бериш давомида курсант С. Мухтаров барча вазифаларни уддалади ва юқори кўрсатгичларга эга бўлди, натижада биз мазкур халқаро танловда биринчи ўринга муваффақ бўлиб, дипломга эга бўлдик ва бу билан Академиямиз обрўсини янада кўтаришга эришдик.
Шу тариқа, ғалабага бўлган интилиш ва ҳамкорликдаги меҳнатларимиз ўз натижаларини берди ва биз мақсадга эришдик.
Барча ўқувчиларимизга саломатлик ва ишларида зафарлар тилаймиз. Доим олға интилиб яшанглар!
А. Хамдамов, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ТҚФ кафедраси профессори, ҳ.ф.д., профессор.






