Минтақавий мулоқот иштирокчилари Марказий Осиёда ландшафтларнинг барқарорлигини таъминлаш учун табиатга асосланган ечимларни фаолроқ қўллаш ниятидалар
Жорий йилнинг 15-16 июнь кунлари Тошкентда “Марказий Осиёда ландшафтларнинг барқарорлигини таъминлаш учун табиатга асосланган ечимлар амалиётини кенгайтириш” минтақавий мулоқоти бўлиб ўтди. Йиғилишда минтақадаги ландшафтларнинг ҳолати билан боғлиқ долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилинди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди.
Минтақавий мулоқот Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (ТМХИ) билан биргаликда Жаҳон банкининг Марказий Осиёда ландшафтлар барқарорлигини таъминлаш дастури (РЕСИЛАНД CА+) доирасида ташкил этилди. Тадбир Буюк Британия ҳукумати ҳомийлигида Жаҳон банкининг Осиёда боғлиқлик ва савдо масалалари дастури (ПАCТ) кўмагида ўтказилди.
Минтақавий мулоқот иштирокчилари муайян давлат дастурларини амалга ошириш жараёнида ва иқтисодиётнинг айрим тармоқларида Марказий Осиё давлатларининг ҳукуматлари дуч келаётган ҳуқуқий тартибга солиш, молиялаштириш ва табиатга асосланган ечимларни амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилдилар.
“Биз иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари кучайиб бораётган бир пайтда барқарор ландшафтларни яратиш ва барқарорликни таъминлашга ёрдам берадиган ечимларни топиш учун бирлашишимиз зарур. Биз минтақавий мулоқотни қўллаб-қувватлашдан ва табиатга асосланган ечимлардан фойдаланиш амалиётини давом эттириш ва кенгайтиришдаги қатъиятимизни тасдиқлашдан мамнунмиз”, – деди Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов”.
Иқлим ўзгариши оқибатлари, ерларнинг деградацияси ва бу жараёнлар билан боғлиқ тирикчилик воситалари манбаларининг йўқолиши Марказий Осиё мамлакатларидаги табиат ва одамлар дуч келадиган энг жиддий экологик ва ижтимоий муаммоларни намоён қилади.
Минтақанинг ландшафтлари иқлим ўзгариши ва инсон фаолияти туфайли келиб чиққан экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва табиий офатлар олдида янада заиф бўлиб бормоқда. Бунда инсон фаолияти интенсив қишлоқ хўжалиги, дарахтларни ноқонуний кесиш, яйловлар ва чорвачилик секторини самарасиз бошқаришни ўз ичига олади. Ушбу салбий тенденсияларнинг олдини олиш ва оқибатларини юмшатиш учун минтақавий мулоқотни жадаллаштириш даркор.
Жаҳон банкининг РЕСИЛАНД CА+ дастури Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларидаги қишлоқ жамоаларини турли табиий ва иқлим таҳдидлари шароитида ландшафтларни тиклаш, ҳаёт ва тирикчилик воситалари манбаларини сақлаб қолиш, чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва иқлим ўзгариши шароитида уларнинг барқарорлигини оширишда қўллаб-қувватлайди.
Ушбу мақсадларга эришишнинг асосий стратегияларидан бири Марказий Осиё минтақасида табиатга асосланган ечимларни кенг тадбиқ этишдир. Ушбу тадбирлар табиий ва инсон томонидан ўзгартирилган экотизимларни ҳимоя қилиш, барқарор бошқариш ва тиклашни ўз ичига олади. Улар ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, биологик хилма-хиллик ва маҳаллий аҳоли фаровонлигига фойда келтирадиган комплекс ёндашувни намоён қилади.
Табиий офатлар хавфини камайтириш ва турли жойларда иқлим ўзгаришига мослашиш учун махсус ишлаб чиқилган ўрмонларни экиш каби табиатга асосланган ечимлар соғлом ва самарали экотизимлар имкониятларидан фойдаланади. Улар иқлим ўзгариши, табиий офатлар, озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва инсон саломатлиги билан боғлиқ хатарларни юмшатишга ёрдам беради. Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси тегишли ҳудудларда барқарор иқтисодий ривожланишга ҳам кўмаклашади.
“Иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш ва айниқса қишлоқ жойларидаги камбағал аҳоли орасида тирикчилик воситалари манбаларини ҳимоя қилиш, иқтисодий ўсишнинг янада экологик моделини жорий этишни талаб қилади. Жаҳон банки ушбу муҳим мақсадларга эришишда Ўзбекистон ҳукуматига фаол ёрдам бермоқда”, — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. “Жаҳон банкининг 2022-2026 йиллар учун Мамлакат билан ҳамкорликнинг асос дастури, бошқа тадбирлар қаторида, давлат органларига ландшафтларни сақлаб қолишда, жумладан, чўлланиш ва ерлар деградациясининг олдини олиш ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларида ўрмонларни қайта тиклаш бўйича тадбирларни амалга оширишда кўмаклашишни кўзда тутади. Биз Ўзбекистон билан Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ўртасидаги трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшмоқдамиз. Шу кунларда Тошкентда бўлиб ўтаётган минтақавий мулоқот ана шундай ҳамкорликка мисолдир”.
Давлат органлари, молия институтлари ва нодавлат ташкилотлар вакиллари Марказий Осиёнинг турли қисмларида табиатга асосланган ечимларни жорий этиш учун мавжуд имкониятларни ўрганиш мақсадида минтақавий мулоқот доирасидаги муҳокамаларда иштирок этадилар.
Маълумот учун, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (ТМХИ) дунёдаги бир қатор давлатларнинг ҳукуматлари ва нодавлат ташкилотларини ўз ичига олади. ТМХИ, ўзига аъзо бўлган, 1400 дан ортиқ ташкилотларнинг тажрибаси ва ресурсларидан, шунингдек, 15 мингта ўз экспертларининқ билимларидан фойдаланади. ТМХИ атроф-муҳит ҳолатини баҳолаш ва уни ҳимоя қилиш бўйича тан олинган нуфузли ташкилотдир.
Жаҳон банкининг Марказий Осиёда ландшафтлар барқарорлигини таъминлаш дастури (РЕСИЛАНД CА+) Жаҳон Банки гуруҳи таркибидаги ташкилот - Халқаро тараққиёт ассоциацияси (242 млн. АҚШ доллари) ва траст жамғармалар (20 млн. АҚШ доллари) маблағлари ҳисобидан молиявий ва техник кўмак беради. Дастур Марказий Осиё мамлакатларидаги қишлоқ жамоаларига ландшафтларни тиклашда, турли иқлим ва экологик хатарлардан ҳаёт ва тирикчилик воситалари манбаларини ҳимоя қилишда кўмаклашиш орқали ерларнинг деградациясини олдини олишга ва иқлим ўзгаришига мослашишга, шунингдек, Марказий Осиёнинг чегара ҳудудларида аҳоли ва инфратузилманинг айтиб ўтилган хатарларга нисбатан барқарорлигини оширишга ёрдам беради. Ушбу чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини оширишга, қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратишга, шунингдек, ландшафтларни бошқариш соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади.






