Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пешку туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Пешку туманида 23 нафар фуқарога сотилган савдо дўконларини гаровга қўйган МЧЖ раҳбари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
“D.” МЧЖ раҳбари Н.А. ва бошқалар корхона томонидан қурилган кўп қаватли уй-жойнинг 1-қаватидаги савдо дўконларини 23 нафар фуқарога дастлабки шартнома асосида жами 4,5 млрд сўмга сотган. Сўнг дўконларини уларнинг номига расмийлаштириб бермасдан, ҳудудий тижорат банки филиалига гаров таъминоти сифатида тақдим қилиб 1,3 млрд сўм кредит расмийлаштириб олишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






