Қирғизистонда МДҲ давлатларида қидирувда бўлган шахсларни таниб олиш тизими ишга туширилди. Июнь ойи бошидан буён мамлакатда Ўзбекистон ва Россиянинг тўрт нафар фуқароси ҳибсга олинган.
Қирғизистонда МДҲ давлатларида қидирувга берилган шахсларни таниб олиш тизими ишга туширилди. Бу ҳақда 24.kg хабар бермоқда. Тизим 2 июндан ишлай бошлаган, бироқ ИИВ бу ҳақда эндигина маълум қилди.
Нашр маълумотларига кўра, дастлабки 10 кун ичида кузатув камералари давлатлараро қидирувда бўлган 57 нафар шахсни аниқлаган. Улар асосан Қирғизистон фуқаролари. Улар маълумотлар базалари бўйича текширилиб, рўйхатга олинган.
Текширувдан ўтганларнинг тўрт нафари ҳибсга олинган. Улар орасида Ўзбекистон ва Россия фуқаролари ҳам бор. "Улар одам ўлдиришга суиқасд, экстремистик жиноятлар (Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ўтказилган), безорилик, ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятлари учун қидирувга берилган", — дейилади хабарда.
ИИВ маълумотларига кўра, қидирувда бўлган 85 мингдан ортиқ одам ҳақида фақат Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумот берган.






