Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида қўшни хонадонга бостириб кириб, хонадон бекасига пичоқ ўқталган ҳокимлик ходими ва унинг отаси қамалди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, тармоқларда ҳокимлик ходими экани айтилган фуқаро ва унинг отаси қўшни хонадонга кириб, тўполон кўтаргани, улардан бири хонадон эгасига пичоқ ўқталиб, ўлдиришга урингани айтилган видео тарқалган.
Жорий йилнинг 18 апрель куни соат 16:40 ларда Шаҳрисабз шаҳар “Сариосиё” МФЙда яшовчи С.А. ўғли С.У. билан қўшниси Ш.Ф.нинг яшаш уйига бориб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бир-бирини ҳақоратлаб, ўзаро жанжаллашган. Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судига юборилган, — дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарида.
Айтилишича, суд қарорига асосан зўравон ота-ўғилга чора кўрилган.
С.А.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси, 185-2-моддаси 2-қисми билан 5 сутка, С.У.га 183-моддаси, 52-моддасининг 2-қисми, 612-моддаси 1-қисми билан 10 сутка, Ш.Ф.га 183-моддаси билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”, — дейди масъуллар.






