АсосийJamiyat

Сурхондарёда фуқаро профилактика инспекторини болта билан жароҳатлади

'Сурхондарёда фуқаро профилактика инспекторини болта билан жароҳатлади'ning rasmi

Жорий йилнинг 30 май куни соат 16:00да Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани “Ҳамкорлик” маҳалласи раиси Нурмамат Шоймардоновнинг яшаш уйига фуқаро А.И., маст ҳолда бостириб кириб, маиший муаммоларини рўкач қилган ҳолда маҳалла раиси ва уйда бўлган оила аъзоларининг тинчлигини бузиб, жанжал кўтарган. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Чақирувга асосан воқеа жойига етиб келган маҳалла профилактика инспектори капитан Ғофур Бердиев, тартиббузар фуқаро воқеа жойидан номаълум томонга қочиб кетганлигига гувоҳ бўлган.

Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида, шу куни соат тахминан 19.00ларда тартиббузар А.И. ўз уйига қайтиб келганлиги аниқланиб, у билан содир этган ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштириш мақсадида тартиббузарнинг хонадонига борган капитан Бердиев, хонадон эгасининг кескин қаршилигига учрайди.

Хонадон эгаси, болта билан профилактика инспекторига ҳужум қилиб, унинг чап қўл тирсагини яралаганига қарамасдан, жисмоний куч ишлатилиб, ҳуқуқбузар зарарсизлантирилган.

Шундан сўнг, капитан Бердиев хонадон қўшнилари ва воқеа жойига етиб келган ҳамкасблари ёрдамида шифохонага етказилган. Тиббий кўрик натижасида чап тирсак пастки қисми суякларининг очиқ синганлиги ва қон томирларини кесилиши оқибатида кўп қон йўқотганлиги аниқланиб, тезкорлик билан тегишли муолажалар кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда қамоққа олинган.

Ҳаётини хавф остига қўйиб жиноятчини зарарсизлантирган профилактика инспектори капитан Ғофур Бердиевни рағбатлантириш масаласи кўрилмоқда.

    Бошқа янгиликлар