Бугун, 6 май тонгида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ ва Деҳқонобод туманлари, Жиззах вилоятининг Зомин туманида қор ёғди. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.
Жумладан, Китоб тумани Аспидухтар, Деновбола қишлоқларида, Шаҳрисабздаги қишлоқларда ва Деҳқонобод тумани тоғларида бугун эрта тонгда кучли қор ёғган.
Зомин тоғларида ҳам айни пайтда қор ёғиб ўтмоқда.
"Ўзгидромет" етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатовга кўра, Қашқадарё вилояти денгиз сатҳидан 2200 метр юқори тоғли қишлоқларида ёққан қор ҳодисалари ва ҳароратнинг нол даражагача пасайиши ҳудудлардаги тугган мева ва гулларни совуқ уришига олиб келган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Ўзгидромет" дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ёмғир, дўл ва ҳатто қор ёғиши мумкинлигини хабар қилган эди.






