Жорий йилнинг 5 май куни пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 103-алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Мазкур ярмарка имконияти чекланган ўқувчиларнинг касб-ҳунар орқали даромад топишларинини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинади.
“Моҳир қўллардан — меҳрли қўлларга” шиори остида бўлиб ўтган ярмаркада бу йил юздан ортиқ ишлар: расм, юмшоқ ўйинчоқ, батик, зардўзи ва мунчоқли буюмлар, дурадгорлик ишлари тақдим этилди.
Кўргазма давомида бадиий чиқишлар, шунингдек, болалар иштирокида қизиқарли шоу-дастурлар тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда ўқувчилар қўл меҳнати билан ясалган маҳсулотларни сотиш орқали 12 млн. сўм даромадга эга бўлиб, маблағнинг бир қисми ўқувчиларнинг ўзларига тақдим этилган.
Жорий йилда меҳнат ярмаркаси кўргазмасида 20 миллион сўмдан ортиқ маблағ топилди. Йиғилган барча маблағлар мактаб-интернатидаги болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилади.






