20 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўзбек-қирғиз автозаводига оид фармонга имзолади. Бу ҳақда Би-Би-Си ўзбек хизмати хабар берди. Заводда 19 русумдаги автомашиналар ишлаб чиқарилади, енгил автомобилларнинг нархи $13 мингдан бошланади.
Пайшанба куни президент Жапаров Ўзбекистон билан бирга автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга оид қонунни ратификация қилган.
Бу ҳақда мамлакат президенти администрацияси хабар берган.
Қирғиз парламенти 15 март куни мазкур қонунни қабул қилган эди.
Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳага киритилаётган умумий инвестиция миқдори $50 миллионни ташкил этади.
Заводда Chevrolet, Daewoo ва Isuzu маркаларининг жами 19 русумдаги енгил ва юк автомобилларини йиғиш режалаштирилган.
Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда 10 минг донага яқин автомашина ишлаб чиқарилиши ва линиядан биринчи чиқадиган машина Cobalt бўлиши хабар қилинган.
Маълумотларга кўра, биринчи босқичда автомашиналарни йиғишда зарур қисмлар ташқаридан олиб келинади, иккинчи босқичда эса заводнинг ўзида бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Иккинчи босқичда 20 минг, ишлаб чиқаришнинг олтинчи йили - учинчи босқичда эса 30 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилиши кўзланган.
Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон томондан "Ўзавтосаноат", Қирғизистон томондан эса "ДТ" "Техник" ва "Нур" компаниялари иштирок этади.
"ДТ" "Техник" компанияси бошқарув раиси Фарҳод Досматов ишлаб чиқариладиган енгил автомобиллар нархи $13 минг, юк машиналариники эса $28 мингдан бошланишини билдирган.
Қирғизистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Айнура Усенбекованинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компанияларга ҚҚС ва бож тўловидан озод этиш, автокредитларни молиялаштиришга маблағ ажратиш каби имтиёзлар берилади.
Шавкат Мирзиёевнинг январь ойида қўшни давлатга ташрифи чоғида икки томон биргаликда автомобиль ва тижорий техника ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзолаган эди.






